Метро йўлаклари қўлқопларга тўлганига муносабат билдирилди

Улашиш:

 Хабарингиз бор, бугун, 19 октябрдан Тошкент шаҳрида жамоат транспортидан фойдаланишда йўловчилар тиббий ниқоб билан бирга тиббий қўлқоп ҳам тақиши тартиби кучга кирди. Транспорт вазирлиги кўплаб норозиликлардан кейин ниқоблар бепул тарқатилишини маълум қилди.

Одамлар жамоат транспортида қўлқопда фойдалана бошлаши билан бошқа бир муаммо пайдо бўлди. Ижтимоий тармоқларда метро йўлакларида қўлқоплар сочилиб ётгани ва урналар қўлқопларга тўлиб тошгани акс этган суратлар тарқалди.

Ушбу ҳолат юзасидан “Тошкент метрополитени” УК расмий муносабат билдирди.

Қайд этилишича, мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, метрополитен маъмурияти зудлик билан корхонанинг тозалаш ишлари жадвалини қайта кўриб чиққан.

Aмалдаги ишлатилган қўлқоплар учун қўшимча чиқинди идишлари ўрнатилиши ва кейинчалик бу ишлатилган қўлқоплар утилизация қилиниши назоратга олинади.

“Тошкент метрополитени маъмурияти ушбу муаммога эътибор қаратган, бефарқ бўлмаган юртдошларимизга ўз миннатдорчилигини билдиради ва шу фурсатдан фойдаланган ҳолда, барча йўловчилардан тозалик қоидаларига риоя қилишларини сўраб қолади! Шунингдек, метрополитен ходимларининг меҳнатини қадрлаган ҳолда ишлатилган қўлқопларни чиқинди ташлаш учун мўлжалланган идишларга ташлашларини илтимос қилади”, дейилади хабарда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.