Ўзбекистонда жамоат жойларида совуқ қурол олиб юрганлик учун жарима жорий этилди

Улашиш:

Президент Шавкат Мирзиёев 5 ноябрь куни «Қурол тўғрисида»ги қонунга ўзгартириш киритиш тўғрисидаги қонунни имзолади.  Қонун «Халқ сўзи» газетасида эълон қилинган ва 6 ноябрдан кучга кирган.

«Қурол тўғрисида»ги қонун совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёлар тушунчаси билан тўлдирилган — касбий, ишлаб чиқариш ёки спорт фаолиятида ёҳуд хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш учун мўлжалланган, саноат усулида ёки қўлбола тарзда ясалган тиғли, кесувчи ашёлар (пичоқлар, бигизлар ва бошқа учи ўткирланган, санчиладиган, кесувчи ашёлар).

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 185-2 ва 185-3 моддалари билан тўлдирилган. Биринчи моддага кўра, совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ ҳолатларда, жамоат жойларида очиқ (ғилофсиз) ҳолда олиб юриш базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 бараваридан 1 бараваригача (111,5 мингдан 223 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Совуқ қуролни ва совуқ қурол сифатида фойдаланилиши мумкин бўлган ашёларни улардан ов қилишда, касбий фаолиятда, спорт фаолиятида ёки хўжалик-маиший мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолларда, жамоат жойларида олиб юриш, худди шунингдек, ўзини ўзи ҳимоя қилиш мақсадида олиб юриш БҲМнинг 1 бараваридан 5 бараваригача (223 мингдан 1,15 миллион сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

185-3-модда билан қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, таъмирлаш, реализация қилиш, олиш, сақлаш, олиб юриш, ташиш, коллекциялаш, кўргазмага қўйиш, улардан фойдаланиш, Ўзбекистон ҳудудига олиб кириш ва олиб чиқиш, шунингдек, транзит қилиш ҳам тақиқланган:

  • Тиғининг ёки кискичининг (дамининг) узунлиги 90 миллиметрдан ортиқ бўлган, тугмаси ёки пишанги босилганда сопидан автоматик равишда чиқадиган ва маҳкамланадиган ёҳуд оғирлик кучи ёки тезкор ҳаракат ҳисобига сурилиб чиқадиган ҳамда автоматик равишда ўрнашадиган тиғли совуқ қурол ва пичоқлар;
  • Қурол сифатида қўллаш учун махсус мослаштирилган зарб бериб парчаловчи ва улоқтирувчи таъсирга эга ашёлар (гурзилар, кастетлар, сурикенлар, бумерангларни ва бошқа ашёларни).

Мазкур қонунбузарлик БҲМнинг 5 бараваридан 10 бараваригача миқдорда (1,15 миллион сўмдан 2,23 миллион сўмгача) жарима солишга ёки 15 суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

Шунингдек, қонун билан Жиноят кодексининг қурол ёки совуқ қурол сифатида ишлатилиши мумкин бўлган ашёлардан фойдаланган ҳолда қасддан баданга шикаст етказганлик учун жазо чораларини белгилаш тўғрисидаги 104 ва 105-моддаларига ўзгартириш киритилган: қасддан баданга шикаст етказиш — 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш, қасддан баданга ўртача оғирликда шикаст етказиш — 3 йилдан 5 йилгача озодликдан чеклаш ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум этиш.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2020 йилнинг дастлабки саккиз ойида ўткир тиғли предметлардан фойдаланган ҳолда 542 та жиноят содир этилган, шундан 168 таси қотиллик.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.