Олий суд матбуот хизмати «зиёфатхўр судьялар» бўйича қўшимча маълумот берди

Улашиш:

 Куни кеча қатор электрон нашрлар ва ижтимоий сайтларда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори ўринбосари У. Тўхташевага таяниб, Тошкент вилояти таркибига кирувчи шаҳарнинг икки нафар судьяси озодликдан чеклаш жазосини ўтаётган шахснинг зиёфатида меҳмон бўлгани, кўп ўтмай улардан бири маҳкумни озодликка чиқарганига оид хабарлар тарқалди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суд матбуот хизмати турли муҳокама ва тушунмовчиликларга ойдинлик киритиб, воқелик қачон ва қаерда бўлгани, судьяларга нисбатан қандай чоралар кўрилгани ҳақида қўшимча маълумот берди.

Олий маҳкама матбуот хизматига кўра, жиноят ишлари бўйича Ангрен шаҳар судининг раиси Т. Ҳ. ва Ангрен шаҳар маъмурий судининг раиси Э. П. 2020 йилнинг 25 май куни кечки овқат олиб келиш учун шаҳардаги ошхоналарнинг бирига боришгани рост. Буюртма тайёр бўлишини кутиши жараёнида уларга нотаниш бўлган (кейинчалик Олмалиқ шаҳар судининг 2019 йил 8 апрелдаги ҳукмига билан озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган) Д. Н. келиб, туғилган куни муносабати билан тадбир бўлаётганини айтади ва судьяларни ҳам таклиф қилади.

Таклифни рад қилмагани ортидан «Судьяларнинг одоб-ахлоқ кодекси» қоидалари ҳамда карантин даврида мажбурий қоидалар талабларини бузишганлиги уларга нисбатан тайинланган хизмат текширувида аниқланган.

Судьялар олий кенгашининг 2020 йил 17 июндаги хулосасига кўра, ҳар икки судьяни маъмурий жавобгарликка тортишга рухсат, жиноят ишлари бўйича Тошкент вилояти судлари судьялари малака ҳайъатининг ўша кунги қарори билан розилик берилган.

Натижада Т. Ҳ. ва Э. П. МЖтКнинг 54-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликлари учун, уларнинг ҳар бирига базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 баравари — 669 000 сўм миқдорида жарима жазоси қўлланилган.

Маҳкумнинг зиёфатида меҳмон бўлган судьяларнинг бири кейинроқ гўёки уни озодликка чиқарганига оид маълумот ҳақиқатга тўғри келмайди. Чунки судьяларнинг бири маъмурий судда ишлагани учун унда жиноят ишларини кўриш ваколати йўқ. Иккинчи судья эса жиноят ишларини фақат биринчи босқич тартибида кўриш мумкин. Маҳкум Д. Н.га нисбатан ҳукм жиноят ишлари бўйича Ангрен эмас, Олмалиқ суди томонидан чиқарилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.