Сиёсий-маърифий ўқув соатларининг жонли мулоқоти ўз самарасини бермоқдами?

Улашиш:

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида мамлакатимизда халқ манфаатларига қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Мазкур ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳалардаги ислоҳотлар давлат ҳамда жамият ҳаётининг барча жабҳаларини қамраб олган, десак муболаға бўлмайди.

Ушбу кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини халқимизга таъсирчан шакл ва усулларда етказишни тизимли равишда ташкил этиш мақсадида жорий йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясида йиғилиш ўтказилди ва унинг баёни тасдиқланди.

Мазкур баённинг 10-бандига мувофиқ, вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, корхона ва ташкилотларда ҳар ҳафтада бир маротаба сиёсий-маърифий ўқув соатларини ташкил этиб бориш белгиланган. Мазкур тадбирни ташкил этишда Давлат бошқаруви академияси ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, шунингдек, ушбу ташкилотларнинг ҳудудлардаги бўлинмалари фаол иштирок этмоқда.

Биринчи ўқув соати жорий йилнинг 13 ноябрь куни тажриба-синов тарзда Жиззах вилояти ва туманлари ҳокимликлари билан видеоконференцалоқа воситасида ўтказилди, унда 650 нафардан зиёд вилоят ва туман даражасидаги раҳбарлар, хусусан, секторлар раҳбарлари, вазирлик идораларнинг бўлинмалари раҳбарлари, ҳокимликларнинг котибиятлар мудирлари иштирок этди.

Тажриба-синовнинг ижобий натижаси асосида ҳар ҳафтанинг жума кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ва Вазирлар кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар, шунингдек, барча туман ва шаҳар ҳокимликлари билан Давлат бошқаруви академиясидаги марказий студия орқали видеоконференцалоқа шаклида сиёсий-маърифий ўқув соати ўтказилмоқда.

Шу кунга қадар ушбу ўқув соатлари 3 маротаба ўтказилди. Унда ҳар сафар 8 минг нафардан зиёд раҳбар кадрлар, хусусан, ҳоким ва ҳоким ўринбосарлари, секторлар раҳбарлари, вазирлик идораларнинг бошқарма ва бўлим бошлиқлари, ҳокимликларнинг котибиятлар мудирлари, шунингдек, бошқа давлат хизматчилари иштирок этиб келмоқда.

Ташкил этилган мазкур ўқувларда:

маҳаллий ҳокимликларда энг муҳим самарадорлик кўрсатчиклари асосида баҳолаш тизимини жорий этиш;

Ўзбекистонда таълим-тарбия тизимини модернизациялашнинг устувор йўналишлари;

яширин иқтисодиётни қисқартиришга оид комплекс чора-тадбирлар;

соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш, тиббий хизмат сифатини ошириш бўйича ислоҳотлар;

иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартиришда ҳудудларнинг ихтисослашувининг аҳамияти;

Шанхай ҳамкорлик ташкилоти доирасида амалий ҳамкорлик йўналишлари

“Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини амалга оширишнинг устувор йўналишлари каби долзарб мавзулар қамраб олинган.

Аҳамиятли тарафи шундаки, ҳар ҳафта бўлиб ўтадиган тадбирнинг дастури энг долзарб мавзуларга бағишланган бўлиб, иштирокчиларда Давлат хизматини ривожлантириш агентлигининг филиаллари масъул ходимлари томонидан мунтазам равишда ўтказиладиган сўровномалар натижалари асосида шакллантирилади.

Ҳар ҳафта ўтказиладиган сўровномаларга сиёсий-маърифий ўқув соатининг ўртача 2,5 минг нафардан зиёд иштирокчиси қатнашади. Сўровнома жараёнида ушбу ўқувларнинг нафақат мазмуни, балки ташкилий шаклига ҳам алоҳида эътибор берилиб, сўровнома натижасида аниқланган камчиликлар навбатдаги тадбирларда бартараф этиб борилмоқда.

Юқорида қайд этилган дастур асосида Давлат бошқаруви академияси томонидан ҳар бир мавзу бўйича масъул вазирлик ва идораларнинг биринчи раҳбар ўринбосари ёки департамент раҳбари даражасидаги вакиллари томонидан тақдимот материали тайёрланиши ҳамда ҳар ҳафтанинг жума куни сиёсий-маърифий ўқув соатида уларнинг маъруза билан иштирок этиши ташкил этилмоқда.

Жорий йилнинг 4 декабрь куни ўтказилган сиёсий-маърифий ўқув соатида маърузачилар сифатида Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирининг биринчи ўринбосари Маруфова Гулнора, Ёшлар ишлари агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Ашуров Сарвар, Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги Кадрлар маъмуриятчилиги департаменти мудири Қурбонов Илҳом, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги Камбағалликни қисқартириш сиёсатини юритиш департаменти раҳбари Маматкулов Илхом, шунингдек, Давлат бошқаруви академияси Давлат тузилиши ва бошқарувининг ҳуқуқий асослари кафедраси мудири, юридик фанлар доктори Хайитов Хушвақт иштирок этди.

Ушбу тадбир бугунги кундаги энг муҳим мавзуларга, ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий-ҳуқуқий соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятига бағишланди.

Хусусан, сиёсий-маърифий ўқув соатида асосий эътибор қуйидаги масалаларга қаратилди:

ҳафта давомида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг мазмун-моҳияти, уларни самарали ижро этиш бўйича жойларда амалга оширилиши белгиланган вазифалар;

камбағалликдан чиқариш, хусусан,“Темир дафтар” билан самарали борасида амалга оширилаётган ишлар ва истиқболдаги вазифалар;

“Саҳоват ва кўмак” умумхалқ ҳаракати доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирлар ва учраётган муаммолар таҳлили;

“Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар, шунингдек “Ёшлар дафтари”га киритилган ёшлар билан манзилли ишлашнинг устувор йўналишларива бошқалар.

Ташкил этилаётган тадбирнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, вазирлик ва идораларнинг вакиллари томонидан тайёрланган тақдимот материаллари ва уларнинг иловалари тадбир ўтказилишидан икки кун аввал маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, вазирлик ҳамда идораларга фойдаланиш учун юборилмоқда.

Таъкидлаш керакки, мазкур ўқув соатлари:

вазирлик ва идоралар, ҳокимликлар, муассаса ва ташкилотларда фаолият юритаётган раҳбар кадрларнинг сиёсий-маърифий саводхонлигини доимий равишда ошириб бориш;

уларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти ва устувор йўналишларини етказиб туриш;

жаҳонда ва мамлакатимизда содир бўлаётган муҳим воқеаларнинг тавсилотларидан доимий ва тизимли боҳабар қилишга қаратилган.

Мазкур сиёсий-маърифий ўқув соатлари жонли мулоқотнинг янги ва замонавий рақамли шакли бўлиб, уларни ташкил этишда маъруза, маълумот ва ахборотларнинг мазмунини биринчи навбатда ҳудудларга, хусусан, ҳудудлардаги раҳбар кадрлар ва давлат хизматчиларига етиб боришига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса раҳбар кадрлар томонидан самарали бошқарув қарорларини қабул қилишда ўзига хос ахборот таъминоти тизимига айланмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.