Жиззахда «Ҳудудгаз» ва «Ҳудудий электр тармоқлари»нинг ходимлари пахта теримига мажбурлангани маълум бўлди

Улашиш:

Жиззах вилояти 2020 йилги пахта йиғим-терими мавсумида мажбурий меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ ҳолатлар бўйича Наманган вилоятидан сўнг иккинчи бўлди. Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш Миллий комиссиясининг 4 декабрь куни бўлиб ўтган йиғилишида маълум қилинишича, вилоятда 7 та меҳнатга йўл қўйиш ҳолати қайд этилган.

Қайд этилишича, вилоятда пахта кампанияси давомида «Ҳудудгаз», «Ҳудудий электр тармоқлари» ва «Жиззах нефть-база» каби бир қанча ташкилот ходимлари мажбурий меҳнатга жалб қилинган. «Дарё» мухбири Бекжон Жўрақуловнинг хабар беришича, Миллий комиссия йиғилишида «бу ташкилотларнинг пахтага нима алоқаси бор?», деган савол қўйилган.

«Афсуски, бизда ҳам шундай салбий ҳолатлар аниқланди. Бу бўйича мансабдорларга тегишли тартибда жазо чоралари қўлланилган. Кейинги даврда бундай вазиятлар бўлмаслигига ҳаракат қиламиз ва сизнинг ишончингизни оқлаймиз, деган умиддаман», — дея вазиятга изоҳ берган йиғилишда сўзга чиққан Жиззах вилояти ҳокими Эргаш Солиев.

Миллий комиссия раиси, сенатор Танзила Норбоеванинг афсус билан таъкидлашича, бундай ҳолатлар халқаро майдонда Ўзбекистон имиджига салбий таъсир кўрсатмоқда. «Айниқса, мамлакатда мажбурий меҳнатнинг олдини олиш ва қишлоқ хўжалигида амалга оширилаётган ислоҳотларга шубҳа билан қарашга сабаб бўлмоқда», — деди у.

Аввалроқ Наманган вилоятида мажбурий меҳнатга йўл қўйгани учун Поп тумани ҳокими жаримага тортилгани, Чортоқ ва Учқўрғон туманлари ҳокимларига ҳайфсан берилгани ҳақида хабар берилган эди. Сенат раиси Танзила Норбоеванинг таъкидлашича, Наманганда мажбурий меҳнат бўйича 2013 йилдан бери «гард» ҳам чиқмаган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.