Зилзила туфайли дунёнинг энг баланд чўққиси қайтадан ўлчанди

Улашиш:

Непал ва Хитой ташқи ишлар вазирлари Эверестнинг янги баландлиги ҳақида маълум қилишди, дея хабар берди Непал Ерни бошқариш вазирлиги.

«Уч йил олдин давлатларимиз Жомолунгма тоғининг баландлигини биргаликда ўлчашга келишиб олгандилар... Икки мамлакат тадқиқот бўлимларининг маълумотларига асосланиб, Жомолунгма тоғининг янги баландлиги 8848,86 метрни ташкил этишини эълон қилиш мен учун катта шараф», — деди Непал ташқи ишлар вазири Прадип Кумар Гьявали видеоконференция кўринишида бўлиб ўтган учрашув чоғида.

Эверестни биргаликда ўлчаш бўйича келишувга ўтган йили ХХР раиси Си Цзиньпиннинг Непалга ташрифи давомида эришилган эди. Тоғни янгидан ўлчаш зарурати бир қатор олимларнинг 2015 йилда юз берган зилзила туфайли тоғ кичрайган бўлиши мумкин деган фикрларидан кейин юзага келган.

2015 йил 25 апрелда Непалда 7,9 балли кучли зилзила содир бўлди. Кейинги куни ҳам мамлакатда ер силкинишлари давом этди. Тахминан икки ҳафтадан сўнг Непалда 7,3 балли янги зилзила қайд этилди. Ўшанда иккита табиий офат натижасида 9 мингга яқин киши ҳалок бўлди, 22 мингдан ортиқ одам жабр кўрди.

2015 йилда Хитой бир томонлама тартибда Эверест баландлигини 8844,04 метр деб эълон қилганидан сўнг Непал билан Хитой ўртасида Эверест баландлиги бўйича келишмовчилик келиб чиқди. Чунки унинг чўққиси 8848 метр эканлигини ҳамма тан олиб бўлганди. Эверест баландлигидаги тафовут туфайли Непал билан Хитой ҳам чегара тўғрисидаги протоколни имзолай олмадилар.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.