Сўнгги кунларда баъзи ижтимоий тармоқларда “Диққат! ИИББ огоҳлантиради. Юртимиз бўйлаб бола ўғрилари пайдо бўлган.
Улар гуруҳларга бўлиниб, турли шаҳарларга тарқалишган. Автомобилларини секин ҳайдаб, машина ойнасидан мушук ёки кучук боласини чиқариб юборишади ва кўчадан ўтаётган болалардан уни тутишга ёрдам беришларини сўрашади. Уларга ёрдам бермоқчи бўлган бола ўғриларнинг ўлжасига айланади. Улар шу усулда ишлашади. “Ҳурматли ота-оналар, фарзандингизга огоҳ булинг! Бу эълон ҳақида ҳаммани огоҳ килинг. Қўшни, қариндошлар, мактаб, коллеж ва боғчаларга тарқатинг. Ўзимиз ва яқинларимизни хавфдан асрайлик!” жумлалардан иборат маълумотлар тарқалмоқда. Бу маълумот қай даражада тўғри? Чиндан ҳам юртимизда бола ўғрилари пайдо бўлганми?
Мазкур хабарга ойдинлик киритиш мақсадида ИИВ матбуот хизмати билан боғландик.
Ахборот хизмати ходимлари ижтимоий тармоқларда тарқалган маълумотни рад этишди. Хабар ҳақиқатдан йироқ эканлиги, аслида маълумот бир йил аввал Россиянинг ижтимоий тармоқларида тарқалгани ва айни кунда юқоридаги маълумотни ўзбек тилига ўгириб, аҳоли орасида ваҳима чиқариш мақсадида қилинаётгани айтилди.
Шунингдек, матбуот хизмати ходимлари фуқаролар миш-мишлардан келиб чиққан асоссиз сохта маълумотларни тарқатмасликни, ваҳима ва миш-мишлар манбаи бўлмасликни, агарда сизда бирор-бир маълумот бўлса, Ички ишлар органлари билан боғланиб, уни аниқлаштириб олиш кераклигини билдиришди.
Манба:zamon.uz