Яна қуёш электр станциялари ҳақидаги муждалар бошланди

Улашиш:

Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бирининг қуввати камида 200 МВт бўлган иккита қуёш фотоэлектр станциялари қурилади. Бу ҳақда Энергетика вазирлиги матбуот хизмати маълум қилди.

Қайд этилишича, мазкур лойиҳалар Ўзбекистон Ҳукуматининг яқин 10 йил ичида қуёш электр станциялари улушини 5 ГВт.гача ошириш бўйича энергетика стратегиясига киритилган.  

Бу ислоҳотлар доирасида Ҳукумат томонидан келишувлар бўйича етакчи маслаҳатчи сифатида, қуввати 1000 МВт бўлган қуёш фотоэлектр станциялари лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва тендерлар ўтказишда техник жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун Жаҳон банки гуруҳига кирувчи Халқаро молия корпорацияси (IFC) жалб қилинган.

Вазирлик маълумотига кўра, айни вақтда Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳар бирининг қуввати камида 200 МВт бўлган иккита қуёш фотоэлектр станциялари қурилиши лойиҳалари бўйича тендерда ғолиб чиқиш учун 15 нафар инвестор беллашади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда қуёш электр станцияси қуриш ҳақидаги янгиликлар тез-тез янграб туради. Самарқандда Марказий Осиёдаги илк фотоэлектр станциясининг қурилиши 2014 йилда (!) катта шов-шувлар билан эълон қилинган эди. Бироқ қурилиш 2018 йилга келиб негадир тўхтатилди.

Кейинчалик шундай станция Навоийда қурилиши керак эди.

Сурхондарё вилояти Шеробод туманида ҳам шу йилнинг 1 февраль куни фотоэлектр (қуёш) станциясини қуриш бўйича биринчи пилот лойиҳаси бошлангани эълон қилинганди.

Қолаверса, энергетика вазирлиги яқинда Ўзбекистон ўн йил давомида умумий қуввати 5000 МВт бўлган фотоэлектрик (қуёш) электр станцияларини (ҚЭС) қуриш ҳақида катта ваъда бериб юборди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.