Тошкентда машина ўғрилари қўлга тушди (фото)

Улашиш:

 2020 йил 22 декабрь кунидан 23 декабрь кунига ўтар кечаси тахминан соат 23:00 дан эрталабки 10:00 гача бўлган вақт оралиғида номаълум шахс Тошкент шаҳар Учтепа тумани Чилонзор 24-мавзеси 32-уй олдида 33 ёшли Дилнавоз Х.га тегишли бўлган оқ рангли «Gentra» русумли автомашинасини қаровсиз қолдирилганлигидан фойдаланиб, номаълум томонга олиб қочган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан Учтепа тумани бўйича ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлинмаси томонидан номаълум шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 267-моддаси 1-қисми (Транспорт воситасини олиб қочиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатларига киришилган.

Олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари натижасида Дилнавоз Х.га тегишли бўлган «Gentra» русумли автомашинаси муқаддам бир неча бор судланган 28 ёшли Бекзод Қ. ҳамда 27 ёшли Фазлиддин М.лар томонидан олиб қочилганлиги, ўша куни автомашинанинг рақамлари ечиб олиниб, юқоридаги жиноятчилардан бирининг уйи олдида яшириб қўйилганлиги аниқланган.

Автомашина жойлашуви аниқланиб кўздан кечирилганда жабрланувчига тегишли видеорегистратор, салон ўриндиқларидаги ғилофлари, автомагнитоласи жойида йўқлиги аниқланган.

Жиноят иши доирасида Бекзод Қ. ва Фазлиддин М.лар гумон қилинувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб килиниб процессуал тартибда ушланган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.