Сенаторлар Конституцияга ўзгартиш киритиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади

Улашиш:

Сенат 11 ялпи мажлисда «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги қонунни маъқуллади. Унга кўра, 14 та ҳудудда умумюрисдикция судлари ташкил этилмоқда. Қолаверса, туман ва шаҳарларда маъмурий судлар тугатилиб, ҳудудлар марказларида туманлараро маъмурий судлар ташкил этилмоқда.

6 январь куни Олий Мажлис Сенатининг 11 ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартишлар киритиш тўғрисида"ги қонун муҳокама қилинди ва маъқулланди.

Қонунга асосан суд қарорларининг қонунийлиги, асослилиги ва адолатлилигини қайта кўриб чиқиш тартибини илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда такомиллаштириш, фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб:

Вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар (14 та) умумюрисдикция судлари ташкил этилади.

Маъмурий тартиб таомиллар ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилади, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судлари тугатилади. Бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши назарда тутилган.

Суд тизимида ташкилий-тузилмавий ўзгаришлар амалга оширилаётгани инобатга олиниб, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 107-моддасига тегишли ўзгартишлар киритилмоқда.

Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупсияга қарши курашиш қўмитаси раиси Наримон Умаров Конституцияга киритилаётган ўзгартишлар ҳақида батафсил маълумот берди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.