Хоразмда электр тармоқлари раҳбари пора билан қўлга тушди

Улашиш:

 «Хоразм ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бош директори Муродбой Базаримбетов пора олганликда гумонланиб, қўлга олинди.

Урганч шаҳар халқ депутатлари кенгаши аъзосининг Kun.uzга айтишича, Базаримбетов ўртага ишончли одамини қўйиб, ёнилғи қуйиш шохобчасини электр тармоғига улаб бериш учун тадбиркордан 20 минг доллар сўраганликда гумонланмоқда. Кейинчалик бу қиймат 15 мингга туширилган.

Шундан сўнг, тадбиркор депутатга шикоят қилган, у эса ҳуқуқ-тартибот идораларига хабар берган. Тадбиркор махсус тадбирда ҳамкорлик қилишга розилик берган. 24 декабрь куни Муротбой Базаримбетов ўртадаги ишончли шахс пулни кабинетига киритиб берганидан сўнг, ушланган.

Тезкор тадбирда ўртадаги шахс ва раҳбарнинг мулоқоти ёзиб олинган. Аудиоёзувларда раҳбарнинг: «Пулнинг ҳаммасини бердими? Ҳаммасини олдингми? Мана бу тумбочкага қўй», — деган сўзлари ҳам бор.

Айни пайтда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, Муротбой Базаримбетов эса ҳибсга олинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.