ТАЪЛИМ ВА ТАРБИЯ – ТАРАҚҚИЁТ МАСЪУЛИЯТИ  

Улашиш:

Мамлакатимизда амалга оширилаётган улкан демократик ислоҳотлар диёримизда яшаётган ҳар бир ёш-у қарида шу кундан бахтиёр бўлиб яшаш, ҳаётга янгича қараш муносабатларини ўзгартиришга хизмат қилмоқда.

Айнан бугун шиддат билан давом этаётган ислоҳотлар ҳар биримизда фаол ташаббускорлик ва фуқаролик позициямизни билдиришни талаб этади. Шу нуқтаи назардан Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлис ва халқимизга йўллаган Мурожаатномаси мазмуни, моҳияти ва белгилаб берган вазифаларига муносабат билдириш – бу ватанпарварликни намунасидир.

Жамият тараққиёти, миллий фаровонлик ҳамиша ёш авлоднинг таълим-тарбияси, замонавий ва тарихий билимларни чуқур эгаллаганлиги, юксак малакаси билан боғлиқ бўлиб келган. Муҳтарам Президентимиз мурожаатномасида айни шу масалаларга урғу берар экан қуйидагича фикрларни билдириб ўтди: “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак”.

Дарҳақиқат, X-XV асрларда жаҳонга юксак даражадаги илмий-маърифий салоҳиятини намоён қилган марифатпарвар олим ва уломаларни етиштирган давлатчилигимиз бугун илм-фан тараққиёт оламида қуйи ўринларга тушиб қолди. Бу каби йўл қўйилган хато ва камчиликлар, албатта, кўпчиликни ташвишга солади. Нима қилсак, талим ва тарбия соҳасида кескин ўзгаришлар бўлади? Қандай жаҳон стандартлари, замонавий усул ҳамда услубларни жорий қилиш лозим? Жаҳон таълим интеграциясида Ўзбекистоннинг ўрни эртага қандай бўлади?

Албатта, бу каби саволлар, муаммо ва масалаларга Президентимиз ўз мурожаатномасида ечим ва таклифларини келтириб ўтди.

Мурожаатномада шунингдек, мазкур улуғ йўлда аввало, ёшларнинг ўз олдига катта марраларни қўйиб, уларга эришишлари учун кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш – барча учун энг устувор вазифа бўлиши зарурлиги таъкидланди.

Бу йўналишда “Янги Ўзбекистон – мактаб остонасидан, таълим-тарбия тизимидан бошланади”, деган ғоя асосида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилиши белгиланди.

Жумладан, ушбу йўналишда ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўиш, улар жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятларни сафарбар этиш, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш, ўғил-қизларни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлаш устувор вазифалар сифатида амалга ошириладиган бўлди.

Таълим ва тарбия хусусида сўзимизни давом эттирадиган бўлсак, бу йўналишда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан ҳам қатор тадбирлар амалга оширилиб келинмоқда. Хусусан, Ҳаракатнинг Жиззах вилояти ҳудудий бўлинмаси ташаббуси билан таълим муассасалари ўқувчилари, талабалари иштирокида ҳуқуқий саводхонликни ошириш, янги қабул қилинган қарорларнинг мазмун моҳияти билан уларни ўз вақтида таништириш, ёшларнинг маънавий дунёқарашини бойитишга хизмат қиладиган турли бадиий, сиёсий, илмий адабиётларни тарғиб қилиш бўйича учрашувлар ташкил этилмоқда.

Жорий йилда ҳам ушбу ташаббуслар давом эттирилади. Жумладан, ёшлар учун турли ўқув семинарлар, экотуризм фестиваллари, ижтимоий ҳимояга муҳтож оила фарзандларининг ҳолидан хабар олиш ва уларга меҳр ва мурувват кўрсатиш ишлари режалаштирилган. Бу борада Президентимизнинг мурожаатномасида келтириб ўтилган вазифалар эса асосий дастурамалимиз бўлиб хизмат қилади.

Музаффар МАМАТҚУЛОВ,

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати Жиззах

вилояти ҳудудий бўлинмаси бош мутахассиси.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.