Байден 20 январдан миграция соҳасини ислоҳ қилишни бошлади

Улашиш:

АҚШнинг сайланган президенти, демократ Жозеф Байден миграция соҳасини ислоҳ қилиш бўйича 20 январь куни Конгрессга қонунчилик таклифларини тақдим этади. Бу ҳақда The Washington Post’га таяниб, «ТАСС» хабар берди.

Нашрнинг қайд этишича, Байден инаугурация кунининг ўзида миграция қонунчилигини кенг қамровли ислоҳ қилади. Ҳуқуқий мақомга эга бўлмаган мигрантлар учун фуқароликни олишнинг саккиз йиллик муддатини жорий этиш, шунингдек, қочқинларни қабул қилиш квоталарини кўпайтириш режалаштирилмоқда. Таклиф этилаётган пакет, шунингдек, Марказий Америкадан миграция оқимининг сабабларини йўқ қилишга қаратилган.

Саккиз йиллик режага кўра, миллионлаб иш изловчилар беш йил муддатга вақтинчалик мақомга эга бўлади, кейин хавфсизлик текширувларидан ўтиб, солиқларни тўлаган тақдирда Green Card олиш ҳуқуқига эга бўлади. Ушбу шартларга амал қилинган тақдирда уч йилдан сўнг фуқаролик олиш учун мурожаат қилишга рухсат берилади.

Янги қоидалар фақат 2021 йил 1 январдан АҚШда бўлган номзодларга нисбатан қўлланилади. Мигрантлар болаларини ҳимоя қилиш дастури DACA (Deferred Action for Childhood Arrivals) иштирокчилари ва табиий офатлардан зарар кўрган мамлакатлардан келганлар дарҳол Green Card ариза беришлари мумкин.

DАCА дастури 2012 йилда президент Барак Обама даврида йўлга қўйилган. У болалик пайтидан АҚШга олиб келинган ва ҳеч қачон қонуний иммиграцион мақомига эга бўлмаган 800 мингга яқин одамни қамраб олади. У бундай одамларга депортациядан вақтинча ҳимояланиш ва АҚШда ишлаш учун рухсат олиш имкониятини беради.

2017 йил сентябрь ойида президент Дональд Трамп администрацияси ушбу дастурни бекор қилганди. Унинг бундай қарорига қарши 15 штат даъво киритган, йирик шаҳарларда норозилик намойишлари бўлиб ўтган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.