Безбетлик шунчаликки, улар ўзлари қонунни бузса чора кўришмайди, айбини кўрсатганни эса қонунбузарга чиқаришади — Р.Кушербаев

Улашиш:

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Р.Кушербаев сўнгги пайтларда Сурхондарё вилоятида рўй бераётган воқеалар ҳақида тўхталиб ўтди.

«Қизириқ воқеалари кўпчиликни эсида бўлса керак.

Фермерлар ўз ерларининг ҳокимият, прокуратура ва ИИБ босими билан мажбурий олиб қўйишаётганидан норози бўлиб Тошкентга, шу жумладан, Олий Мажлисга ҳам бир неча бор келишганди. Улар билан журналист ва блогерлар ҳам бирга жараённи ёритиб боришди.

Биз қонунларга асосан зўравонларга чора кўрилишини ва фермерлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишни талаб қилиб бир қатор идораларга чиқдик. Ҳатто ўзим Сурхондарёга бормоқчи бўлдим. Бироқ фермерларни иши ҳал бўлмади, қонунбузар зўравон жойдаги ҳоким, прокурор ва бошқа амалдорлар «фаришта» эканлиги аниқланди (фақат қанотлари оддий одамларга кўринмас, уларни ишга қўйган юқори амалдорларга кўринаркан), мени эса нима қилиб бўлса ҳам Сурхондарёга боришимга йўл қўйилмади.

Шунча югур-югур натижаси нима бўлди, деган савол қизиқ албатта. Натижа шуки, шу фермерларни дардини ёритиб улар билан Тошкентгача келган, Сурхондарё вилояти ҳокимини ҳам қўрқмай танқид қилган, ўзини қамаш учун турли тадбирлар уюштиришаётганини менга айтиб ёрдам сўраган(мени огоҳлантирган эди ҳатто) ўша Отабек Сатторий исмли блогер кўп ўтмай товламачиликда айбланиб, қамоққа ташланяпти. У билан бирга Сурхондарёдаги муаммоларни кўтарган "effect.uz" интернет ОАВнинг мухбири Фарход Исмаилов эса сўроққа чақирилиб, уйи тинтув қилинмоқда. Катта эҳтимол билан у ҳам қаллоблик, товламачилик ёки гиёҳванд воситасини сақлашда айбланиб қамалса керак.

Бу ишлар шахсан менга жуда ғалати ва шубҳали туюлмоқда. Негадир Сурхондарё вилояти ҳокимини танқид қилган, жойида жамоатчилик назоратини ўрнатмоқчи бўлган фаол фуқаролар бири қамоққа ташланган, бирини эса сўроқма-сўроқ судрашяпти.

Агар жойдаги бутун ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизими ҳокимни қўли билан бошқарилаётган бўлса, бу даҳшат ва давлатчилик учун шармандалик. Буни ўйлашни ўзи қўрқинчли. Ўзбекистонлик, шу жумладан сурхондарёликлар бахти учун ҳам ундай бўлмасин ишқилиб.

Айтганча, қонунларга тупуриб қўйган Сурхондарёдаги амалдорлар ҳаракатини мен ҳам танқид қилгандим. Бундан кейин ҳам тўхтамайман. Ахир қонунларни нима учун қабул қиламиз? Албатта ишлаши учун-да. Лекин безбетлик шунчаликки, улар ўзлари қонунни бузса чора кўришмайди, айбини кўрсатганни эса қонунбузарга чиқаришади. Лекин унутмайлик: бу дунё ўткинчи: ўртоқ ҳоким, прокурор, «началник» бу ёқда қутуларсиз, лекин у ёқда жавобдан қочиб  қутулмайсиз.

Бўлаётган ишларни кўриб яқин кунларда мени ҳам товламачилик, қаллоблик ва яна бошқа балоларда айблаб, уйимда тинтув бошлашиб қолса ҳайрон қолиш керакмас: ҳаммаси тушунарли, деяверасиз.

Бу ёқда эса давлат раҳбари журналист ва медиа макондаги фаолларга «Сизлар менга елкадошсиз, ёрдамингизга таянаман. Адолатни етказишдан тўхтаманглар, қўрқманглар. Ортингизда Президент турибди» деб руҳлантирмоқда. Бу ёқда эса...Ким кимга қарши ўзи?» деб ёзади у.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.