Ўзбекистон вертолётлар қатновини йўлга қўйишни режалаштирмоқда

Улашиш:

Бу ҳақда 23 февраль куни Транспорт вазирлигида Airbus International компанияси вакиллари билан бўлиб ўтган учрашувда айтиб ўтилди.

Транспорт вазири ўринбосари Жасурбек Чориев ҳамда Airbus International компаниясининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице президенти Жак Гарриг ўртасида бўлиб ўтган музокараларда француз компанияси билан ҳамкорлик алоқаларининг ҳозирги ҳолати ва истиқболли режалар муҳокама этилди.

Хусусан, Airbus Helicopters компаниясидан вертолётлар сотиб олиш, ушбу ҳаво транспорт турида қатновларни йўлга қўйиш орқали мазкур йўналишда Марказий Осиё минтақаси бозорида етакчи иштирокчига айланиш имкониятлари юзасидан фикр алмашилди. Ушбу йўналишни ривожлантиришда хорижий давлатларнинг вертолётлар эксплуатацияси ва учувчилар учун тренинглар ўтказиш бўйича тажрибаларини ўрганиш масалалари муҳокама қилинди.

Шунингдек, Airbus International компанияси вакиллари аэропортларни бошқариш соҳасида ҳам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш юзасидан ўз таклифларини билдиришди. Учрашув давомида француз томони жорий йилнинг май ойида Франция савдо вазирининг Ўзбекистонга ташрифи режалаштирилаётганини маълум қилди.

Учрашув якунлари бўйича томонлар музокараларда кўтарилган масалалар юзасидан маълумотлар алмашиш ва истиқболда ҳамкорликда янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишиб олишди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.