СОДИҚ САФОЕВНИНГ ТАКЛИФИ КУЛГИЛИМИ?

Улашиш:

 Содиқ Сафоев яхши ният билан аҳолининг ёстиқлари остидаги 10 миллиард долларини ишга солиш кераклигини айтганди. Нима учундир, кўпчилик унинг гапларини янглиш талқин қиляпти. У киши юрт ичидаги мавжуд валютадан унумли фойдаланиш ҳақида гапиряпти.

Учинчи дунё давлатлари ўз ўлкаларида иш ўрни яратиш учун чет элдан сармоя киритадиганларни зўр бериб қидиришади. Чунки, чет элликлар завод-фабрика ва ҳоказо қуриш ёки юксак технология асосида ишлайдиган жиҳозларни сотиб олиш учун айнан ЭРКИН АЛМАШТИРИЛАДИГАН ВАЛЮТА - ЭАВ олиб киришади. 

Америка доллари ва евро каби пуллар дунёнинг ҳамма ерида бирдек қабул қилинадиган тўлов воситасидир. Бир давлатнинг экспорт салоҳияти импортдан кўп бўлса, ўша давлатда ортиқча ЭАВ заҳиралари пайдо бўлади. Хитойни бунга биринчи мисол қилиб кўрсатиш зарур. 

Хитойнинг экспорт миқдори импорт миқдоридан жуда кўп. Бу эса давлат кўплаб ЭАВ заҳираларига эгалик қилишига имкон яратган. Ўз навбатида, Хитой Ўзбекистонга ўхшаган учинчи дунё ўлкаларига ана шу ЭАВни сарфлаб, сармоя олиб киргани етмагандек, коррупцион ҳукуматлар амалдорларини сотиб олиб, қуриладиган объект ва сотадиган молларини оширилган нархларда етказяпти. Орадаги фарқ амалдорларнинг чет эллардаги банкда ҳисобларига ётқизилади. 

Ўзбекистон каби давлатларнинг импорт миқдори қилаётган экспортидан анча кўплиги учун муттасил ЭАВ тақчиллиги юзага келаверади. Бу эса ички бозорда ЭАВ нархи ошиб, импорт моллар ва унга боғлиқ бошқа моллар нархи кўтарилаверишига олиб келади. Бу ўз навбатида миллий пул қадри пасайиши - ИНФЛЯЦИЯни келтириб чиқаради. 

Ўзбекистон каби иқтисодга давлат хўжайинлик қиладиган ўлкаларда чет эллардан киритилган сармоя қайтариб берилишига давлат кафолат беради. Бу - ЭАВ эвазига олинган хизмат фойда келтирса ҳам, зарар келтирса ҳам давлат сармоядорга сарфлаган пулини жарақ-жарақ тўлайверади дегани. Давлат пулни қаердан олади? Солиқлар ва йиғимлар ҳисобига халқдан олади!

Битта мисол. Пандемия даврида дунёдаги барча авиакомпаниялар иш кўлами мисли кўрилмаган даражада кескин озайди, айримлари вақтинчалик ёпилди, қолган бир қисми банкрот бўлди. Кўплаб авиакомпаниялар BOING учоқ заводига берган буюртмаларини бекор қилиши оқибатида минглаб ишчилар ишсиз қоляпти. Шундай бир пайтда Ўзбекистон ҳаво йўллари авиакомпаниясига янги BOING учоғи етказиб берилди. МАК авиачипталари нархи ҳеч қачон пасаймаслигини энди англагандирсиз?

Содиқ Сафоев мана шундай коррупциялар олдини олиш учун яхши таклиф берди, аслида. Агар ишончли бир механизм яратилиб, аҳолининг қўлидаги ЭАВ иш ўринлари яратиш учун чет элдан тегишли технология ва бошқа моллар сотиб олиш каби лойиҳаларга сарфланса ЭАВ ташқарига кетмайди. Пул эгалари ўзларининг маблағлари қандай сарфланиши устидан назорат ўрнатиши механизми яратилса коррупциянинг бир нави олди олинади. 

Содиқ Сафоев таклифини қўллаб-қувватлайман.

Бахтиёр Шоҳназар

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.