2022-йил якунлари бўйича Очиқлик индекси натижалари эълон қилинди

Улашиш:

Жорий йилнинг 29 март куни Коррупцияга қарши курашиш агентлигида Очиқликни таъминлаш соҳасида амалга оширилаётган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолаш комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтди.

Унда 2022 йил якунларига кўра,  давлат органлари ва ташкилотларида очиқлик бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси асосида тўпланган барча кўрсаткичлар атрофлича муҳокама қилиниб, якуний натижалар эълон қилинди.

Очиқлик индекси 84 та баҳолаш мезонидан таркиб топган 8 та индикатор асосида баҳоланди. Самарадорлик кўрсаткичлари 71 баллдан 100 баллгача тўплаганлар - “яшил”, 55 баллдан 71 баллгача бўлганлар - “сариқ” ва 55 баллдан паст кўрсаткич қайд этганлар - “қизил” тоифаларга киритилди.

Баҳолашда умумий 86 та вазирлик, идора ва муассасалар қамраб олинган бўлиб, улардан 21 таси  вазирлик, 14 таси маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, 32 таси давлат иштирокидаги ташкилотлар ҳамда 19 таси қўмита ва агентликлар.

2022 йил якунлари бўйича Очиқлик индексининг якуний натижалари кенг жамоатчилик учун index.anticorruption.uz  плафтформасига очиқ жойлаштирилди.  

Маълумот учун: Баҳолаш комиссияси Очиқлик индексини баҳолаш натижаларини кўриб чиқиш ҳамда Очиқлик индекси бўйича якуний қарор қабул қилувчи коллегиал орган ҳисобланиб, Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат инспекцияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги мутахассислари, шунингдек Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати ҳамда ННТлар вакилларидан ташкил топган.

Тадбирда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги директори Акмал Бурханов сўнгги йилларда очиқликни таъминлаш борасида эришилган ютуқлар, “Очиқлик индекси”ни баҳолаш жараёнларининг ташкил этилишига оид чора-тадбирлар, баҳолаш жараёнларининг рақамлаштирилиши, шу жумладан 2023 йилда очиқликни таъминлашга масъул ходимларни ўқитиш хусусида тўхталиб ўтди.

Маълумот учун: Агентлик томонидан ўтган 2022 йилда хорижий экспертлар иштирокида 10 та ўқув семинарлар ташкил этилиб, уларда 200 нафар ходимнинг малакаси оширилган.

Мажлис кун тартибига киритилган масалалар доирасида давлат органлари ва ташкилотларида очиқликни таъминлаш бўйича амалга оширилган ишларнинг самарадорлиги ва натижадорлигини баҳолашга қаратилган электрон “Open.index” платформаси тақдимоти ўтказилди.

Платформа Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти кўмагида ишлаб чиқилган бўлиб, ҳар йилги “Очиқлик индекси”нинг якуний баҳолаш натижалари мазкур манба орқали онлайн эълон қилиб борилади.

Эътиборлиси, баҳолаш тизими тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда кенг жамоатчиликка соҳадаги амалга оширилган ишларнинг самарадорлик ва натижадорлик кўрсаткичларини мазкур платформа орқали реал вақт режимида кузатиш имконияти яратилди.

Шундан сўнг, Комиссия мажлиси кун тартибига киритилган кейинги масала очиқликни таъминлаш фаолиятини баҳолашда бевосита иштирок этган давлат органларининг ҳар бир баҳолаш индикатори бўйича ҳисоботи эшитилиб, 2022 йил учун “Очиқлик индекси” бўйича комиссиянинг якуний қарори қабул қилинди.

 “Очиқлик индекси”ни баҳолашда умумий 86 та вазирлик, идора ва муассасалар қамраб олинган бўлиб, унинг натижасига кўра 15 та давлат органининг очиқликни таъминлаш фаолияти “яшил” (71-100 балл), 44 таси “сариқ” (55-71 балл) ва 27 таси “қизил” (55 баллдан паст) самарадорлик кўрсаткичлари билан баҳоланган.

Энг юқори самарадорлик кўрсаткичлари Статистика агентлиги (89 балл), Божхона қўмитаси (88 балл), Тошкент вилоят ҳокимли (83 балл), Хоразм вилоят ҳокимлиги (79 балл) ва “Навоий кон-металлургия комбинати” акциядорлик жамияти (79 балл) томонидан қайд этилган.

Мажлис якуни бўйича кун тартибига киритилган масалалардан ташқари, баҳолашда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва олдини олиш борасида комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш ҳақида қарор қабул қилинди.

Тадбир якунида эса, очиқликни таъминлашда энг юқори самарадорлик кўрсатган давлат органларининг очиқликни таъминлашга масъул ходимлари ҳамда соҳани ёритишда алоҳида фаоллик кўрсатган журналистлардан бир гуруҳи ташаккурнома ва эсдалик совғалар билан тақдирланди.

Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-154-сон Фармонига мувофиқ, Баҳолаш комиссияси қарори асосида “яшил” тоифада баҳоланган давлат органлари ва ташкилотларининг масъул ходимларини рағбатлантириш, “қизил” тоифада баҳоланганларига қонунчиликда белгиланган тартибда интизомий жазо чорасини қўллаш юзасидан таклиф киритиш кўзда тутилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.