Telegram тармоғида Каврак (Ferula assa-foetida) капсулалари реклама қилинаётган гуруҳ пайдо бўлди. Ушбу маҳсулот 1000 та касалликни даволашда ёрдам бериши даъво қилинмоқда. Кавракнинг иммунитетни мустаҳкамлаш, вируслар ва бактериялардан ҳимоя қилиш, юрак ва қон томирлари касалликларининг олдини олиш, ошқозон-ичак тизимига ёрдам бериш, жигар ва буйрак фаолиятини яхшилаш каби хусусиятлари қайд этилган.
Factchecknet.uz мазкур даъволарнинг илмий асослари бор-йўқлигини ўрганиб чиқди.
Ҳукм: Манипуляция
Каврак (Ferula assa-foetida) – соябондошлар оиласига мансуб кўп йиллик ўсимлик бўлиб, Ўрта Осиё, Яқин Шарқ, Эрон, Афғонистон ва Ҳиндистонда кенг тарқалган.
Халқ табобатида кавракнинг илдизи, барглари ва ажралиб чиқадиган смоласи (камен) турли касалликларни даволашда қўлланиб келган. Хусусан, овқат ҳазм қилиш, нафас олиш тизими ва яллиғланиш жараёнлари билан боғлиқ касалликларга қарши ишлатилган. Замонавий фитотерапияда эса каврак истерия, асаб тизими касалликлари, бронхит, астма ва кўк йўтал давосида тавсия қилинади.
Кавракнинг илмий ўрганилган хусусиятлари
1. Ошқозон-ичак тизимига таъсири
Олиб борилган тадқиқотларга кўра, каламушларга берилган каврак эритмаси уларни стресс ёки аспирин сабабли келиб чиққан ошқозон яраларидан ҳимоя қилган. Шунингдек, ичакларнинг ўз-ўзидан қисқариши камайган, бу эса овқат ҳазм қилишни яхшилаш ва спазмларни енгиллаштиришга ёрдам бериши мумкин.
2. Қон босимига таъсири
Тажрибаларда қуёнларга юборилган каврак настойкаси қон босимини пасайтирувчи таъсир кўрсатган. Каламушларга юборилган камида экстракти артериал босимни сезиларли даражада пасайтирган. Шунингдек, қурбоқалар устида ўтказилган тадқиқотлар ҳам томирларни кенгайтирувчи таъсирни кўрсатган.
3. Антиоксидант ва вирусга қарши таъсири
Кавракнинг антиоксидант, вирусга қарши, яллиғланишга қарши, ҳатто саратонга қарши айрим таъсирлари аниқланган. Аммо бу натижалар асосан лаборатория ва ҳайвонларда олиб борилган тадқиқотларга асосланган бўлиб, одамларга таъсири тўлиқ ўрганилмаган.
Кавракнинг хавфли жиҳатлари ва ёқимсиз таъсирлари
- Фотосенсибилизация – Каврак таркибида фурокумаринлар мавжуд бўлиб, улар терини қуёшга нисбатан сезгир қилади.
- Аллергик реакциялар – Айрим одамларда терининг қизариши, тошмалар ва нафас олишда қийинчилик келтириб чиқариши мумкин.
- Ортиқча истеъмол қилиш хавфли – Каврак узоқ муддат ёки юқори дозада қабул қилинганда токсик таъсир кўрсатиши мумкин.
Хулоса: Каврак – фойдали, лекин 1000 та касалликка даво эмас!
Каврак анъанавий табобатда қўлланиладиган ўсимлик бўлса-да, унинг “1000 та касалликни даволаши” ҳақидаги даъволар мутлақ муболаға ва манипуляциядир.
Айни пайтда, кавракнинг кўплаб касалликларга таъсири клиник синовлар билан тўлиқ исботланмаган. Шунинг учун уни шифокор тавсиясисиз истеъмол қилиш ёки асосий даволаш усули сифатида қабул қилиш нотўғри.
Каврак – ёрдамчи восита сифатида фойдали бўлиши мумкин, лекин у замонавий тиббий муолажаларнинг ўрнини босмайди!