Тунберг: «Қилмишингизни болаларингизга қандай айтасиз?»

Улашиш:

Швейцариянинг Давос шаҳарчасида бўлиб ўтаётган Жаҳон иқтисодий форумида ёш экофаол Грета Тунберг сўзга чиқиб, сиёсат ва бизнес элитаси вакилларига мурожаат қилди.

У дунё олигархларидан ёқилғи саноатига инвестиция киритишни дарҳол тўхтатишни, бундай фаолият билан иқлим тартибсизликлари юзага чиқишига сабаб бўлишаётганини ўз болаларига тушунтириб, уларни нега ҳимоя қилишмаётганига аниқлик киритишларини сўради.

«Иқлим ўзгаришлари болаларингизга қанақа оқибатлар келтиришини била туриб, уларни бу каби тартибсизликларда қолдирганингизни қандай изоҳлаб бера оларкансиз, ҳайронман», деб таъкидлади Грета Тунберг.

У ўтган йили ҳам форумда айтган ва машҳур бўлиб кетган иборасини такрорлади: «Сизнинг ҳаракатсизлигингиз соат сайин ёнғинларни кучайтирмоқда. Сайёрамиз ҳамон олов ичида».

Унинг сўзлари иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит барқарорлиги бўйича муҳокамалар қизғин тус олаётган бир вақтда ҳукумат лидерлари ва ижрочиларига қарата айтилди.

Омманинг ҳиссиётларига таъсир қилувчи нутқлари билан машҳур Гретанинг айтишича, дунё паст фоизли карбонад ангидрид сиёсатига ёки кам энергия истеъмолига эмас, балки энергия истеъмолининг бутунлай тўхтатилишига муҳтож.

«Бунинг вақти келди», дейди Грета.
Унинг таъкидлашича, иқлим ўзгаришининг ёмон таъсирларидан сайёрани асраш учун ҳаво ҳарорати ўсишини йилига 1,5 градусдан оширмаслик жуда муҳим. Лекин деярли ҳеч ким Париж битимида ифодалангани каби ҳарорат ўсишини 2 градусдан оширмаслик учун ҳаракат қилмаяпти.
Грета АҚШ ҳатто бу битимни тарк этиш арафасида, деган фикрда.

«Яна қайтараман: сиз ўнг ёки сўл қутбда эканингиз аҳамиятсиз. Бизга сизнинг партиявий сиёсатингиз муҳим эмас. Барқарор тараққиёт принциплари кўзи билан қараганда, ўнглар, сўллар ва марказчилар ҳам – ҳаммангиз муваффақиятсизликка учрадингиз.

На сиёсий қарашлар, на иқтисодий структуралар иқлим ва атроф-муҳит масалаларига етарлича эътибор қарата олди.
Дунё эса сиз ҳануз англаб етмаган олов ичида қолмоқда», – дея етакчиларга мурожаат қилди Грета Тунберг.

Унинг сўзларига кўра, карбонад ангидрид истеъмолини бутунлай тўхтатиш учун 2050, 2030 ёки 2021 йилни кутиш шарт эмас. Ҳаммасини ҳозирдан бошлаш зарур.
Эслатиб ўтамиз, швециялик 17 яшар қиз 2019 йилда Time журнали томонидан жаҳонда «Йил одами» деб тан олинган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.