Ўзбекистонда иқлим ўзгаришларига мослашиш режаси қабул қилинади

Улашиш:

Ўзбекистонда иқлимга мослашиш соҳасидаги чора-тадбирларни режалаштиришга қаратилган ташаббусларни амалга ошириш бошланди, дея хабар қилмоқда «Gazeta.uz».

Лойиҳа иқлим ўзгариши таъсирига энг заиф бўлган иқтисодиёт тармоқларининг чидамлилигини оширишга ва барқарор ривожланишни таъминлашнинг мавжуд механизмларини такомиллаштиришга қаратилган.

Янги лойиҳа Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури кўмагида Яшил иқлим жамғармасининг грант маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси маълум қилишича, лойиҳа 3 декабрь куни бошланган.

Ишлаб чиқилган Миллий мослашиш режаси секторли характерга эга бўлади. Ажратилган молиявий маблағлар 1,6 миллион АҚШ долларини ташкил этади. Ташаббуснинг асосий мақсади мамлакатга келгуси икки ярим йил ичида иқлимга мослашиш устуворликларини ҳисобга олган ҳолда самарали режалаштириш жараёнини яратишда ёрдам беришдир.

Лойиҳа фаолияти қишлоқ ва сув хўжалиги, соғлиқни сақлаш, қурилиш сектори, фавқулодда иқлим ҳодисалари оқибатида юзага келган вазиятларни назоратга олиш ҳамда Оролбўйи ҳудудини ривожлантириш каби муҳим тармоқларда қабул қилинадиган қарорларни самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

«Ўзбекистонда иқлим ўзгариши инсоният ҳаётининг барча соҳаларига таъсир қилади ва иқлим ўзгаришининг салбий оқибатларини олдини олиш ҳамда ҳаётнинг янги шароитларига мослашиш учун зудлик билан чоралар кўришни талаб қилади», – дейди Гидрометеорология хизмати маркази бош директорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Нишонов.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.