АҚШ визаси бўйича янги тақиқ! У ўзбекистонлик бой оилаларга ҳам тааллуқли

Улашиш:

24 январдан ҳомиладор аёлларга АҚШ сайёҳлик визасини беришни тақиқловчи тартиб кучга кирди. Мазкур тақиқ АҚШ тупроғида хориж фуқаролари томонидан туғиш кўрсаткичини камайтириш мақсадида жорий этилмоқда.

Мазкур хабар ортидан ижтимоий тармоқларда «Хўш, АҚШ консуллиги ходимлари энди гинеколог вазифасини ҳам бажариб, аёлларни ҳомиладорлик бўйича тиббий текширувдан ўтказадими?» қабилидаги киноявий фикрлар кенг тарқалди.

АҚШ расмийларига кўра, консулхоналари ходимлари сайёҳлик визаси учун ариза топширган аёлларга ҳомиладорлигига доир савол бериши мумкин, холос. Аммо суҳбат чоғи ҳам, АҚШ ҳудудига киришда ҳам аёллардан ҳомиладорлик текширувидан ўтишни талаб қилиш мумкин эмас.

Миллий қонунчиликка кўра АҚШ тупроғида дунёга келган чақалоқлар вояга етгач, мазкур мамлакат фуқаролигини олиш имконига эга. Дунёнинг турли мамлакатларида яшовчи бадавлат оилалар эса мазкур имкониятдан фойдаланиб, фарзандини «сеҳрли диёр”да дунёга келтириш ва шу орқали унинг порлоқ келажагини таъминлашга ҳаракат қилади. Таҳлилларга кўра, «туғруқ туризми» Осиё, Лотин Америкаси ва собиқ Иттифоқ давлатлари фуқаролари орасида кўпроқ учрайди. Масалан, 2017 йилда АҚШда 10 минг зиёд хорижлик чақалоқ дунёга келган.

Гарчи расмий статистика мавжуд бўлмаса-да, Ўзбекистондаги ўзига тўқ оилалар орасида ҳам фарзандини дунёга келтириш учун атайин АҚШга сафар қилувчилар мавжуд. Янги тақиқ уларга ҳам тааллуқлидир.

АҚШ Давлат департаменти янги тартибни миллий хавфсизликни ҳимоя қилиш мақсади билан изоҳлаган. Вашингтон маъмурларига кўра, Қўшма Штатлар тупроғида туғилаётган чақалоқлар орасида мамлакат учун хавфли шахслар ҳам бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Аммо пайшанба куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида Давлат департаменти мулозимлари террорчи ёки жиноий гуруҳ вакиллари мамлакат ҳудудида туғруқни уюштирганига доир бирорта мисол келтира олмаган.

«Туғруқ туризми»га қўйилган тақиқ, айни чоқда, сиёсий характерга ҳам эга. АҚШда «туғруқ туризми»га қарши бўлганлар ҳам анчагина. Таҳлилчиларга кўра, Эрон генерали Қосим Сулаймонийни ўлдириш орқали аллақачон сайлов кампаниясини бошлаб юборган президент Трамп хорижликларга қўйилган навбатдаги тақиқ орқали ҳам «очко” йиғишни мақсад қилмоқда.

Аслида, АҚШда дунёга келган чақалоқларнинг фуқаролик олиши хамирдан қил суғургандек осон кечмайди. Улар вояга етиб, бир неча босқичли иммиграция тизимидан ўтганидан кейингина АҚШ паспортини қўлга киритади.

Аксар ҳуқуқшунослар Давлат департаменти томонидан жорий этилган янги тақиқ мамлакат Асосий қонунига зид эканини ҳам таъкидламоқдалар. Гап шундаки, АҚШ Конституциясига киритилган 14-ўзгартириш мазкур ҳуқуқни кафолатлайди. Қолаверса, Қўшма Штатлар ҳудудида туғишни ман этувчи алоҳида қонун ҳужжати ҳам мавжуд эмас.

Яна бир ҳолат. АҚШ консуллик идоралари айрим мамлакатлар фуқароларига 3 йилдан 10 йилгача бўлган муддатга сайёҳлик визаси беради. Узоқ муддатга берилган визалар эса, табиийки, «туғруқ туризми»га тўсиқ бўла олмайди.

Нима бўлганда ҳам, ҳомиладор аёлларга сайёҳлик визаси беришни тақиқловчи мунозарали тартиб-қоида суд-маҳкама даъволарини кўпайтириши аниқ.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.