Илон шўрвани ичса бўладими?

Улашиш:

Наманган шаҳри кўчаларидан биридаги эълонда илондан тайёрланган шўрва ва унинг минг дардга даволиги қўшиб-чатиб ёзилган эълонга кўзим тушиб қолди. 

Аввало унда даво йўқлиги очиқ-ойдин.

Қолаверса, битта илон шўрва шунча дардга даво бўлса, табибларга не ҳожат?! Наҳотки калласи катта мижозлар шуни ўйлаб кўрмайди?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шак йўқки, дард ва давони туширган Аллоҳ ва ҳар бир дард учун даво ҳам қилган. Даволанинглар, лекин ҳаром билан даволанманглар!» – деб марҳамат қилганлар.

Аллоҳ таоло: “Уларга жирканч нарсаларни ҳаром қилади”, – дейди. Қурбақа, қисқичбақа, илон ва шунга ўхшаганлар жирканч ҳайвонлардан ҳисобланади. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи васалламдан қурбақанинг ёғини дорига қўшиш ҳақида сўралганда, уни ўлдиришдан қайтардилар. Бу уни ейишдан қайтариш демакдир.

Кўршапалаг-у илонларни еб юрган хитойлар ва улар йўлиққан турли эпидемия, касалликлар барчамизга ибрат бўлмоғи лозим.

Ҳасан ибн Али раҳимаҳуллоҳдан: “Моҳир табиб, касалликни даф қилади деса, илон ва типратикан ейиш ёки таркибида илон бўлган дори истеъмол қилиш ҳалол бўладими?” деб сўралди. У киши: “Йўқ, ҳалол бўлмайди”, – деб жавоб бердилар”. (“Баҳрур роиқ” ).

Демак, илон шўрвани ичиш ҳалол эмас. Дори-дармонларни ҳалол нарсалар ичидан излашимиз керак.

Бас, шундай экан, ҳалқумимизни пок сақлайлик!

Ёқуб Умар

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.