Турк йигити билан оила қурган ўзбекистонлик аёл ҳикояси

Улашиш:

 Статистик маълумотларга қараганда, ўтган 2019 йил давомида жами 1 550 нафар ўзбекистонлик қиз Туркия фуқароларига турмушга чиққан. Мамлакатга ишлашга кетаётган аёллар сафи ҳам тобора ортиб бормоқда. Бунинг асл сабаби нима? Нима учун ўзбек қизлари охирги пайтда турк йигитлари билан оила қурмоқда? Бу ҳақда икки йил олдин Туркияга турмушга чиқиб, айни пайтда Бодрум шаҳрида истиқомат қилаётган Шаҳноз Чевик «Дарё»га сўзлаб берди.

Шаҳноза Чевик (Холмирзаева) 26 ёшда. Фарғона шаҳрида туғилган. Фарғона иқтисодиёт коллежини тамомлаган. 2018 йилда Туркия фуқароси Мехмет Чевик билан турмуш қурган.

Турк йигити билан оила қураман деб ҳеч қачон ўйламаганман
Ҳеч қачон Туркияга турмушга чиқаман деб ўйламаганман. Аввало тақдир. Худо пешонамга турк йигити билан оила қуришни битган экан. Мана икки йилдан буён турмуш ўртоғим билан Туркиянинг Бодрум шаҳрида бахтли ҳаёт кечиряпмиз.

Фото: «Дарё»

Турмуш ўртоғим Мехмет билан танишишимга унинг тоғаси Муҳсин уста сабаб бўлган. Батафсил айтиб берадиган бўлсам, бир неча йил университетга топшириб, ўқишдан йиқилдим. Кейин тақдирга тан бериб, шаҳардаги текстиль фабрикасига ишга кирдим. Мехметнинг тоғаси корхонамиздаги тўқима машиналарининг устаси эди. Бирга ишлардик, лекин мен туркчани, у эса ўзбекчани билмасди. Аммо амаллаб бир нималарни доим тушунтиришга ҳаракат қиларди.

Кейинчалик турк тилини мустақил ўрганишни бошладим. Ишдан кейин уйга луғат ёдлаб, аудиолар эшитиб кетардим. Хуллас, тўрт йил ичида бемалол туркча мулоқот қилишни бошладим. Муҳсин уста эса ҳазил қилиб, «туркчани биласан, энди сени ўзим келин қиламан», деб жияни билан тезроқ таништириб қўйиши кераклигини айтарди.

Вақт ўтиб, устамизнинг жияни Мехмет билан ижтимоий тармоқда танишдик. У жуда очиқкўнгил, сахий ва меҳрибон инсон эди. Бир ярим йилча дўстона гаплашиб юрдик. Ўзбекистонга бир неча маротаба келиб кетди ҳам. Бир-биримизга ўрганиб қолдик. Дўстона бошланган муносабат анча чуқурлашди. Хуллас, орадан яна ярим йил ўтиб, Мехмет менга совчи қўйди.


Мени Туркияга узатишлари осон бўлмади
Бошида ота-онамнинг мени бегона давлатга юборишлари осон бўлмади. Бироқ Мехмет олий маълумотли, ишнинг кўзини биладиган бола бўлгани, оилаларимизнинг бир-бирига мослиги, энг асосийси, яхши инсонлиги оиламга маъқул келди. Мени бахтли қилишига кўзим етганлиги учун ота-онамнинг оқ фотиҳаси билан Мехметга турмушга чиқдим.

Фото: «Дарё»
Қўл ўпиш ва бошқа одатлар
Туркларнинг жуда қизиқ урф-одатлари бор экан. Масалан, el öpme, яъни қўл ўпиш одатлари ҳақида айтадиган бўлсам, келин-куёв яқин қариндошларининг уйига зиёратга бориб, катталарнинг қўлини ўпади ва дуосини олади. Катталар ҳам уларга пул ёки қўй-қўзилардан совға қилади. Мен ҳам буни астойдил қилиб, эвазига 12 та қўй ва иккита сигир эгаси бўлдим. Уларни ҳозир қайнотам боқяпти. Яна Туркиядаги тўйимизда бир талай олтин ва пуллар тўпладик. Қисқа қилиб айтганда, туркларнинг келин-куёвга фойда бўладиган урф-одатлари кўп экан.

Фото: «Дарё»
Эрим овқат танламайди
Мехметнинг оила аъзолари хушмуомала ва меҳмондўст экан. Мени оилаларига жуда илиқ қабул қилишди. Шунинг учун янги давлатнинг урф-одатларга кўникиб кетишим унча қийин бўлмади.

Турмуш ўртоғим билан алоҳида яшаймиз. Овқат танламайди, қўлимдан келганича ўзбек ва турк таомларини тайёрлайман. Билмаганларимни аста-секин ўрганяпман.

Фото: «Дарё»
Туркияга турмушга чиққанимдан ҳеч қачон афсусланмайман
Турмуш ўртоғим билан бахтли ҳаёт кечиряпмиз. Яқинда оналик бахтига ҳам муяссар бўламан. Ҳаётимдан жуда мамнунман.

Тўғри, ота-онамни, Фарғонани кўп соғинаман. Аммо яқинларим билан видео орқали тез-тез гаплашаман. Тўй ва маросимларда Ўзбекистонга бориб тураман. Турмуш ўртогим ҳар йили Фарғонага бориб келишимга ваъда берган. Ҳозир бунинг уддасидан чиқяпти.

Фото: «Дарё»
Турк эркаклари уйланишга шошилмайди
Шахсий фикримни айтадиган бўлсам, нега ўзбек қизлари айнан турк эркакларини танлайди, биласизми? Бу ерда аслида турклар яхши, ўзбеклар ёмон деган нарса йўқ. Лекин тўғрисини айтишим керак, турк йигитлари оилапарвар, уйланишга шошилмайди. Уйланса ҳам ота-онаси топганига эмас, балки ўз қарори билан оила қуради.

Турк аёлларига нисбатан биз, ўзбекларда эрга ҳурмат жуда кучли ва шу жиҳатимиз билан улардан яққол ажралиб турамиз. Турк эркаклари эса буни жуда қадрлайди. Бизни қаттиқ ҳурмат қилади. Бу гапларни нафақат мен, балки турк билан турмуш қурган барча аёллар гапириши мумкин.

Фото: «Дарё»
Бизда керакмас урф-одатлар жуда кўп
Баъзан менталитетимиз яшашимизга халақит беради.
Қайноналарнинг келинни сиғдирмаслиги, талабларининг кўплиги, келин тез ҳомиладор бўлмаса сабрсизлик қилиб ажратиб юбориши, эрнинг эса аёли фикрини паст кўриб, қўпол муомала қилиши, қўл кўтариши, қисқа қилиб айтганда, онаси ва аёли ўртасидаги мувозанатни тута олмаслиги билан боғлиқ вазиятлар оила бузилишига сабаб бўлади.

Статистикасига қараганда ҳам Ўзбекистонда ажримлар сони жуда кўп. Доимгидай аёллар жабр кўради, эркаклар эса «янгиси»га уйланиб кетаверади. Бахтсиз, ишсиз, пулсиз, уйсиз қолган аёл ота-онасиникида қанча яшай олади? Чорасизликдан четга ишлагани кетган аёлларимиз сони шунинг учун ҳам тобора ортяпти. Чунки вазиятлар, одамлар шунга мажбур қиляпти.
Фото: «Дарё»
Ҳеч қайси аёл Туркияга зерикканидан келмайди
Туркларга турмушга чиққан қизлар, аёллар ҳақида доим салбий фикр билдиришади. «Ўзбек йигитлари қуриб қолганми, иккинчи хотин бўлиб теккандир-да» дейишади. Лекин яхшилаб мулоҳаза қилинса, ҳеч қайси аёл ҳеч қачон бахтли бўла туриб, оиласини ташлаб кетмайди. Ёки зерикканидан бегона давлатга турмушга чиқмайди. «Тана бошқа дард билмас» деганидек, кимнингдир ҳаётини, муаммоларини билмай туриб, ёмонотлиқ қилиш яхши эмас.

Ҳамма ҳам бахтли ва яхши яшашни истайди
Охирги пайтда Туркияга кўплаб ўзбек аёллари ишлагани келяпти. Тўғри, беш қўл баравар эмас. Ёмон ниятда келганлариям бордир. Ўз кўзим билан кўрмаганман, лекин эшитганман.

Бу ерга аксарият аёллар ўйнаб кулгани эмас, меҳнат қилгани келади. Кўпчилиги қарияларга боқувчилик қилади. Сабаби, жаҳон статистикасига кўра, Туркия альцгеймер хасталиги билан касалланганлар сони бўйича дунёда учинчи ўринда туради. Буни асосан қариялар ташкил қилади.

Мамлакат иқтисодий жиҳатдан анча ривожланганлиги учун аксарият турклар хизматчи ёллайди. Бундай хонадонларга эса кўпинча бизнинг ўзбек аёллари ишга киради.

Туркияга ишлашга келган ёки турмушга чиққан хотин-қизларни ёмон деб гапирадиган одамларга айтмоқчиманки, ҳаёт шундоғам бешафқат. Ҳар ким ҳаёти учун ўзи масъул. Қилмишлари учун ҳам ўзи жавоб беради. Бировларни гапириб, муҳокама қилгандан кўра, инсон ўз умрини чиройли ва мазмунли яшаб ўтиши керак.

Хонзодабегим Аъзамова суҳбатлашди
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.