Россияда коронавирус вакцинаси кенг истеъмолга чиқарилди, Хитойда эса коронавирусга қарши яратилган иккита вакцина намойиш этилди

Улашиш:

Россияда коронавирусга қарши эмлаш учун ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинасининг биринчи партияси фуқаролик муомаласига чиқарилди. Яқин келажакда препаратни Россия ҳудудларига етказиб бериш кутилмоқда, деб хабар қилди ТАСС. 

“Янги коронавирус инфекциясининг олдини олиш учун эмлаш мақсадида тайёрланган “Гам-Ковид-Вак” вакцинаси лабораторияларда керакли сифат синовларидан ўтди ва фуқаролик муомаласига чиқарилди", дейилади хабарда. 

Вакцина “Гамалея номидаги Миллий эпидемиология ва микробиология илмий маркази” томонидан ишлаб чиқилган.

Аввалроқ, Россия Соғлиқни сақлаш вазирлиги вазири Михаил Мурашко биринчи навбатда ўқитувчилар ва шифокорлар эмланишини айтган эди, бу вакцина рўйхатдан ўтгандан кейин клиник синовлар билан параллел равишда амалга оширилади.

Маълумот учун, Ўзбекистон Россияда тайёрланган “Спутник V” вакцинасини сотиб олиш имкониятларини кўриб чиқяпти. Ҳукумат қарори 2 ҳафтадан кейин қабул қилиниши мумкин.

Хитойнинг иккита фармацевтика компанияси биринчи марта коронавирусга қарши яратилган вакциналарни намойиш этди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар берди.

Вакциналар Sinovac Biotech ва Sinopharm компаниялари томонидан яратилган. Вакциналарнинг намуналари Пекиндаги кўргазмада намойиш этилган.

Айни пайтда вакциналар клиник синовларнинг учинчи босқичидан ўтмоқда. Ишлаб чиқарувчилар 2020 йилнинг охиригача улардан фойдаланиш учун рухсат олишга умид қилмоқда.

Май ойида Хитой раиси Си Цзиньпин унинг мамлакатида яратилган вакциналар синовлардан муваффақиятли ўтган тақдирда жаҳон ҳамжамиятининг бойлигига айланишини ваъда қилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.