Британия қироллик оиласининг «қора кунлари» яқинлашмоқдами?

Улашиш:

Буюк Британия қироллик оиласининг даромади коронавирус пандемияси сабаб шиддат билан камайиб бормоқда. Хўш, энди қиролича Елизавета II камтарроқ ҳаёт кечиришга мажбур бўладими?

Буюк Британия ва Шимолий Ирландия бирлашган қироллиги қироличаси Елизавета II давлат бюджетидан ажратиладиган грант ҳисобига яшайди. Ўтган йили зоти олияларининг бадастир ҳаёт кечириши учун ғазнадан 80 миллион фунт ажратилган. Айни чоқда, қиролича оиласи тасарруфида ҳам йирик мулк ва ерлар борки, улар ҳар йили ўртача 330 миллион фунт даромад келтиради.

Crown Estate (Қироллик мулклари) тасарруфидаги улкан ер ва мол-мулкнинг умумий қиймати 13 миллиард фунтни ташкил этади. Лондон марказидаги ўнлаб иморатлар, савдо марказлари, дўконлар, офислар, ер майдонлари ижарасидан монарх оиласи жарақ-жарақ фойда кўриб келган. Аммо пандемия сабаб жорий этилган карантин чекловлари  даврида қирол оиласи тасарруфидаги бино ва иншоотлар ижарасидан келадиган маблағ кескин қисқариб кетди.  Crown Estate бошқарувчиси Дан Лэббадга кўра, жорий йил март ойидан июнь ойига қадар белгиланган ижара пулининг учдан икки қисми йиғилган, холос. Лондон марказидаги дўконлар ижара пулининг эса атиги ярми олинган. Келгуси уч ой давомида ҳам аҳвол шу тахлит давом этади деб ҳисоблайди мутахассислар. Дан Лэббаднинг қайд этишича, даромад камайиши баробарида мулклар қиймати ҳам пасайиши кутилмоқда.

Молиявий қийинчиликларга дучор бўлган Crown Estate топган даромадини давлат ғазнасига ўтказишга шошилмаяпти. Ўтган йилги 345 млн фунт даромаддан 87 миллиони ўтказилган, холос.

Таҳлилчиларга кўра, молиявий вазият мураккаблашган тақдирда ҳам қиролича Елизавета II га ажратилган грант миқдори камайтирилмайди. Биринчидан, қиролича дунё бўйлаб инглиз давлатчилиги рамзи сифатида улкан эътибор қозонган. Иккинчидан, қироличанинг шон-шуҳрати қиролликка яхшигина фойда келтиради. Brand Finance консалтинг ширкати ҳисоб-китобига кўра, дунё бўйича сайёҳларнинг қироличага ҳурмат-эҳтироми сабаб ҳар йили 1,5 миллиард фунтлик миллий маҳсулотлар сотилади. 

Агар мамлакат бошига қора кунлар келган тақдирда ҳам қиролича таъминотсиз қолмаса керак. Гап шундаки, шахсан Елизавета II га тегишли бир неча қаср мавжуд. Шотландия ва Англиядаги қасрлардан қиролича йилига 20 млн фунт даромад олади.

94 ёшли Елизавета II расман Буюк Британия ҳамда 15 та мустақил давлат қироличаси саналади. 1953 йилнинг 2 июнида тахтга ўтирган қиролича 67 йил давомида 15 нафар бош вазирга ишонч билдирган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.