Нурмат Отабеков: «Бу эпидемик мавсумда COVID-19 билан қайта касалланиш эҳтимоли йўқ»

Улашиш:

Ўзбекистоннинг бош санитар инспектори ва Коронавирусга қарши курашиш штаби аъзоси Нурмат Отабеков коронавирус инфекцияси билан қайтадан касалланиш масаласида аҳоли томонидан берилаётган саволларга жавоб берди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги Нурмат Отабеков томонидан берилган жавобларни тақдим этди.

 Фото: «Дарё»

Нурмат Отабековнинг қайд этишича, баъзи давлатларда ушбу касаллик билан қайтадан касалланиш эҳтимоли борлиги, ҳатто иккинчи марта касалланган беморлар қайд этилганлиги ҳақида маълумотлар учраб турибди.

«Бугунги кунда аниқ айтишимиз мумкинки, касалликнинг ўнинчи кунидан бошлаб беморда COVID-19’га қарши мукаммал иммун тизими шакллана бошлайди. Ўз тасдиғини топган яна бир жиҳат шуки, касалликни оғирроқ бошдан кечирган инсонда шаклланган иммун тизими анча мустаҳкамроқ бўлади», — деди Нурмат Отабеков.

Унинг таъкидлашича, дунёда COVID-19 ёппасига қайтадан ҳаммада қайд этилиши тўғрисида биронта ҳам асосланган илмий маълумот йўқ.

«COVID-19 янги касаллик бўлиб, уни тўлиқ ўрганиш бўйича изланишлар ҳали охирига етганича йўқ. Аммо касалликни бошдан ўтказган одамда уни ушбу касалликдан кейинчалик ҳам ҳимоя қилишга қодир иммунитет шаклланиши тўғрисидаги асосли маълумотлар кишини қувонтиради», — деди штаб аъзоси.

«Агар шу касалликнинг мутацияга учраган вирусига ёки айнан COVID-19’га узоқ муддатдан кейин яна дуч келадиган бўлсак ҳам, бизнинг иммун тизимимиз хотирасида ушбу касалликка антитаначалар ишлаб чиқарганлигимиз ҳақида ахборот мавжуд бўлади.

Ушбу антитаначалар касаллик билан кураша олади. Демак, одамда COVID-19 иккинчи марта қайд этилса ҳам, у жуда енгил кечиши мумкин. Яъни иммун тизими хотирасида антитаначалар ишлаб чиқарилгани ҳақида ахборотнинг борлиги касалликдан тезда соғайиб кетиш эҳтимолини юзага келтиради», — дея таъкидлади бош санитария инспектори.

Унинг таъкидлашича, одам хотирасидан кўп нарса чиқиб кетиши мумкин, лекин иммун тизими хотирасидан ҳеч қачон ҳеч нарса чиқиб кетмайди. Ҳатто касалликдан кейин ҳосил бўлган антитаначалар титри кам бўлса ҳам, улар касаллик билан кураша олади.

Нурмат Отабековнинг сўзларига кўра, аҳоли орасида икки марта COVID-19 билан касалланганлигини таъкидлаётган одамлар ҳам учраб турибди. Унинг фикрича, агар шу каби ҳолатлар лабораторияда COVID-19 вируси борлиги тасдиқланган тақдирда ҳам, бунга битта касаллик билан иккинчи марта касалланиш сифатида қараш керак эмас. Буни шу билан изоҳлаш мумкинки, касаллик юқтириб олган организм ундан тўлиқ тузалиб улгурмаган ёки лаборатория текширувларида тест тизимлари билан боғлиқ муаммолар бўлиши мумкин.

«COVID-19 бир одамда узоқ муддат сақланиб қолиш эҳтимоли йўқ эмаслигини ҳам унутмаслигимиз лозим. Айтайлик, бемор даво курсини қабул қилиб бўлгач таҳлил ўтказилганида манфий натижа қайд этилган ва у ўзини соғайган, деб ҳисоблаган. Аслида эса, тузалмаган. Кейинчалик мусбат натижа қайд этилиши беморда қайтадан касалландим, деган фикрни шакллантирилишига асос бўлиши мумкин», — деди Отабеков.

Шунингдек, COVID-19’ни иккинчи марта юқтириб олиш ҳолатига тўлиқ ишониш учун геном даражасида таққослаш ўтказиш керак бўлади. «Яъни қуйидаги саволга жавоб топишимиз лозим: беморда касалликни яна айнан ўша вирус чақирдими ёки бошқа бир вирусми? Биринчи ва иккинчи ҳолатда геном (ирсият) даражасида солиштириш ўтказиш орқалигина бемор COVID-19’ни қайтадан юқтириб олди, деган фикрга келишимиз мумкин», — дея қайд этган Нурмат Отабеков.

Бош санитария инспекторининг айтишича, дунё COVID-19 билан рўбарў келганига қарийб бир йил бўляпти, у тўғрисида кузатувлар ҳали жуда кам.

«Балки бир муддат ўтгандан сўнг аниқ хулосалар айтишимиз мумкин бўлар. Ёки вақт ўтиши билан иммун тизими кўрсаткичларида ҳам бирмунча пасайиш, сусайиш каби аломатлар кузатилиши мумкин. Балки биз COVID-19 штами билан чақирилган касалликдан кейин тўлиқ турғун иммунитет шакллантирармиз, балки бу йўналишда эмлаш тадбирлари ёрдам берар. Ҳозирча кузатувлар муддати жуда кам. Ҳали ҳосил бўлган иммун тизими неча йилгача давом этиши бўйича аниқ башоратлар қилиш қийин. Лекин шу эпидемик мавсумда бир марта касалланган одам иккинчи марта касалланиш эҳтимоли йўқ», — дея хулоса қилган Нурмат Отабеков.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.