Вазирлик 84 нафар ходим нима учун меҳмонхонада яшаганига изоҳ берди

Улашиш:

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг биринчи ўринбосари Азиз Воитов вазирлик томонидан карантин пайтида меҳмонхона харажатлари учун сарфланган 1 миллиард сўмга яқин маблағ тўғрисидаги хабарларга изоҳ берди. Унинг маълум қилишича, ходимларни меҳмонхонада жойлаштириш учун сарфланган маблағлар бюджет ҳисобидан олинмаган.

«Бугун ОАВ тарқатаётган маълумотларга изоҳ берар эканман, эътиборни нашрда етишмаётган баъзи тафсилотларга қаратмоқчиман, — дейди Азиз Воитов. — Ходимларни меҳмонхонага жойлаштириш тўғрисида қарор биринчи локдаун киритилиши билан боғлиқ бўлган вақт босими шароитида қабул қилинган. Эпидемиологик вазиятнинг ноқулай ривожланиши натижасида вазирлик олдида карантин чекловларининг қийин шароитида экспорт қилувчи корхоналар ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширувчи тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш бўйича самарали иш учун минимал миқдордаги кадрларни кафолатлаш вазифаси турган эди. Ўрта менежмент ҳар бир бўлимнинг бир ёки иккита асосий мутахассиси билан биргаликда масофадан туриб ишлаш учун меҳмонхонада изоляция қилиниш сценарийси танланди. Ҳаммаси бўлиб вазирликнинг марказий аппарати ходимларидан 84 нафари танлаб олинди. Кўпинча, ходимлар уйдан масофадан ишлашга ўтказилди ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги раҳбарияти барча хавфсизлик талабларига риоя қилган ҳолда одатдагидек ишлашда давом этди.

Меҳмонхонани турар жой учун белгилашнинг мантиқийлиги аниқ ва шаффофдир: Inter Hotel — бизга қарашли меҳмонхона бўлиб, уни Inter Forum ДУК бошқаради. Вазиятни бошқариш ва маблағни тежаш нуқтаи назаридан, бу шубҳасиз энг яхши вариант, бинобарин маблағ Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги тизими ичида айланган. Бундан ташқари, ушбу харажатларни қоплаш учун бюджет маблағларидан бир сўм ҳам ишлатилмаган.

Бундан ташқари, Inter Hotel юқори нарх категориясига тегишли меҳмонхоналардан бири эканлигига қарамасдан, биз шахсларни карантинда жойлаштириш учун меҳмонхоналарга тавсия этилган маблағдан четга чиқмадик. Бу бўйсунувчи ташкилот танловининг яна бир ижобий томони, аммо меҳмонхонанинг ўзи учун бизнинг ташаббусимиз «мажбурий» юкка айланмади: аксинча – локдаун шароитида биз меҳмонхоналар ходимларининг қисман бандлигини таъминладик.

Шуни таъкидлашни истардимки, ушбу стратегия ўзининг самарадорлигини исботлади — 84 нафар ходимнинг ҳеч бири коронавирус билан касалланмаган. Бу вазирликнинг узлуксиз ишлашини ва натижада иқтисодий самараси юз миллионлаб эмас, балки триллионлаб сўмни ташкил этадиган лойиҳаларни амалга оширишни таъминлади».

Эслатиб ўтамиз, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлигининг 84 нафар ходими Тошкент шаҳрида жойлашган Inter Hotel меҳмонхонасида 22 сутка яшаб, уч маҳал овқатлангани ҳамда меҳмонхона анжуманлар залидан фойдалангани учун 918 миллион 677 минг 500 сўм тўлов амалга оширилгани ОАВ ҳамда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамага сабаб бўлди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.