Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида жамоатчилик кенгашлари фаолияти: миллий ва хорижий тажриба

Улашиш:

Жорий йилнинг март ойида республикамизнинг айрим ҳудудларида давлат хизматчилари ва фаол аҳоли орасида ўтказилган сўровлар натижаларига кўра, респондентларнинг 56% фоизи “Жамоатчилик вакиллари ҳокимият фаолиятида етарлича иштирок этмаяпти” дея ҳисоблашини кўрсатган. 2018 йилдан буён барча давлат органларида ҳузурида ташкил этилиши мўлжалланган Жамоатчилик кенгашлари бу соҳада муҳим ўрин тутиши кутилган эди. 

2020 йилнинг 27 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати,  Адлия вазирлиги, Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт Дастурининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ ҳудудларида давлат хизматларини тақдим этишни такомиллаштириш ва бошқарув даражасини ошириш” қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида “Маҳаллий давлат ҳокимияти органларида жамоатчилик кенгашлари фаолияти: миллий ва хорижий тажриба” мавзусида  вебинар ташкил қилинди,  унда иштирокчилар ўзаро фикр ва тажриба алмашдилар, бу борадаги муаммолар ва уларни ҳал етиш йўлларини муҳокама қилдилар. 

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати,  Адлия вазирлиги, Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги, вазирликлар ва идоралар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари вакиллари, илмий-тадқиқот институтлари, нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва мустақил экспертлар, шунингдек БМТТД, Европа Иттифоқи Делегацияси ва бошқа бир қатор ташкилотлар вакиллари иштирок этди. 

Вебинарни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати маҳаллий ҳокимият вакиллик органлари фаолиятини кучайтиришга кўмаклашувчи комиссияси раиси Толибжон Мадумаров кириш сўз билан очди ва мамлакатимизда мустақил фуқаролик институтларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, уларнинг эркин фаолияти кафолатларини таъминлаш, давлат органларининг фуқаролар билан яқин ҳамкорлигини йўлга қўйиш, уларнинг очиқ, шаффоф ва ошкора фаолият кўрсатишини таъминлаш, давлат органлари фаолияти устидан самарали жамоатчилик назоратини ўрнатиш юзасидан комплекс ва изчил ишлар амалга оширилаётганлигини алоҳида таъкидлади.

БМТТДнинг Ўзбекистондаги доимий вакили ўринбосари Дойна Мунтяну хоним ўз нутқида “Жамоатчилик назорати жамиятда ижтимоий адолат қарор топиши учун шахс, жамият ва давлат алоқаларида мувозанат, тенглик, ўзаро масъулият ва жавобгарликка хизмат қилувчи асосий омил ҳисобланиши ҳақида” тўхталиб ўтдилар. 

Вебинар давомида тақдимот ва маърузалар эшитилди. Хусусан, БМТТД лойиҳаси консультанти Мирзоҳид Қаршиев томонидан хорижий давлатлар мисолида жамоатчилик кенгашларининг ҳокимият фаолиятида фуқаролар иштирокини таъминлаш ҳамда ҳокимият органлари устидан жамоатчилик назорати ўрнатиш механизмлари таҳлил қилинди. Ўзбекистоннинг бешта ҳудудида ўтказилган сўровнома ва интервью натижаларига кўра, бу каби механизмларга талаб юқорилиги, лекин шу билан бирга қонунчиликдаги айрим камчиликлар ва йиллар давомида шаклланган маъмурий ва бошқарув маданияти муайян қийинчиликларга сабаб бўлмоқда. Тадқиқот давомида жамоатчилик иштироки ва назорати кучайтирилиши лозим бўлган соҳалар (масалан, давлат объектлари қурилиши ва маҳаллий бюджет маблағларининг оқилона сарфланиши) ҳам аниқланди. Шу билан бир қаторда, аҳолининг қарор қабул жараёнида иштирокини тартибга соладиган регламентлар эса ишлаб чиқилмаган ва тадбиқ қилинмаган. Шунингдек, турли қонунчилик ҳужжатларига ўзгартириш борасида қатор таклиф ва тавсиялар муҳокама учун тақдим этилди.

Давлат хизматлари агентлиги директори Улуғбек Муҳаммадиев ўз нутқида жамоатчилик кенгашлари давлат органлари фаолиятини ислоҳ қилишда фуқароларнинг бевосита иштирокини таъминлаш, аҳолининг фикрларини ўрганиш ва таҳлил қилиш, шунингдек коррупцияга қарши чоралар устидан мониторинг олиб бориш ва  мониторинг натижалари бўйича таклифлар тайёрлашда муҳим ўрин эгаллашини таъкидлади.

Шунингдек, Юксалиш умуммиллий ҳаракати ходим, "Инновация учун Ҳамкорлик" дастурининг Ўзбекистондаги директори Елена Кудинова “Инновациялар учун ҳамкорлик” дастури доирасида жамоатчилик кенгашлари фаолиятига кўмак борасида маъруза қилди.

Вебинарда иштирок этган экспертлар ва иштирокчилар ҳам ўз мулоҳазаларини билдирдилар. Жумладан, Давлат хизматлари агентлиги, Европа Иттифоқи ва БМТ Тараққиёт Дастурининг қўшма лойиҳаси ҳамкорлигида Бахмал, Ховос, Деҳқонобод ва Сариосиё туманлари ҳамда Нурафшон тумани халқ депутатлари Кенгашлари ҳузурида жамоатчилик кенгашларини тузиш ташаббусини қўллаб қувватладилар. Ушбу жараёнда техник ва методологик кўмак кўрсатиш миллий тажрибани шакллантириш имконини беради деб таъкидладилар.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.