Кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Тошкентга олиб ўтмоқчи бўлган шахслар ушланди

Улашиш:

Тошкент вилояти ИИББ ҳамда Янгийўл туман ИИБ тезкор ходимлари томонидан жорий йилнинг 15 октябрь куни тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда ИИББ ахборот хизмати хабар берди.

Тадбир давомида, Самарқанд вилоятида яшовчи 32 ёшли И.Х. Cobalt автомашина «Самарқанд-Тошкент» йўналиши бўйлаб ҳаракатланиб келаётган вақтида М-39 автомагистралининг Янгийўл туман ҳудудида тадбир иштирокчилари томонидан гумонланиб тўхтатилади. Автотранспорт воситасининг салони кўздан кечирилганда, пакетлар ўралган таркибида кучли таъсир қилувчи модда бўлган, бирламчи нархи 382 миллион сўмга тенг жами 3 минг 820 дона «Селофен» дори воситалари борлиги аниқланиб, ашёвий далил сифатида олинган.

Ушланган шахс билан ўтказилган тезкор суриштирувлар давомида, у ушбу кучли таъсир қилувчи дори воситаларини таниши — Самарқанд вилоятида яшовчи 27 ёшли М.Х. дан сотиб олганлиги аниқланган. Тадбир давомида М.Х. ҳам қўлга олинган.

Мазкур ҳолат юзасидан И.Х. ҳамда М.Х. га нисбатан Янгийўл тумани ИИБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 251-1-моддаси 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 27 сентябрдаги 818-сон қарори билан бир қатор кучли таъсир қилувчи модда (дори)лар савдоси тартибга солинган.

Ҳозирда, вилоят ИИББ ЖҚБ Гиёҳвандлик воситалари билан қонунга хилоф равишда муомала қилишга қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан бу каби жиноятларнинг олдини олиш бўйича кенг масштабли тадбирлар вилоят миқёсида ўтказилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.