Эрини ўлдириш учун «киллер» ёллаган асакалик аёл қайта қамоққа олинди

Улашиш:

Шу йилнинг февраль ойида эрини ўлдириш учун 50 минг АҚШ долларига одам ёллаган асакалик О. Д. (1984 йилда туғилган) қўлга олингани хабари берилганди.

Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида Жиноят кодексининг 25,97-моддаси 2-қисми «и» банди (қасддан одам ўлдиришга тамагирлик ниятида суиқасд қилиш) билан судга оширилгани, бироқ ЖИБ (жиноят ишлари бўйича) Андижон вилоят суди томонидан судланувчи О. Д. озодликка чиқариб юборилганидан ҳам хабардорсиз.

Шу ўринда изоҳ шарт: ЖИБ вилоят суди судланувчини айбсиз деб, қамоқдан озод қилгани йўқ. Балки О. Д.нинг ҳаракатлари 25,97-моддаси 1-қисмига қайта квалификация қилишдан ташқари ЖКнинг 57-моддасини (жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ жазо тайинлаш) қўллаган ҳолда 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, белгиланган мазкур жазосини шартлига алмаштиради (ЖК 72-модда) ва 2 йил синов муддати берилиши натижасида аёл суд залидан озодликка чиқарилади.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Xabar.uz»га маълум қилишича, мазкур жиноят иши Андижон вилоят прокуратурасининг протести ва жабрланувчининг шикояти асосида ЖИБ вилоят суди апеллация инстанциясида кўриб чиқилди. Унга кўра, судлов ҳайъати томонидан вилоят прокурори протести қисман қаноатлантирилиши натижасида биринчи босқич суди ҳукми ўзгартирилди. Яъниким, судланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 72-моддаси тартибида белгиланган 2 йил синов муддати бекор қилиниб, тайинланган 7 йил озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўташи белгиланди. Ва у суд залидан қамоққа олинди.

Қўшимча қилинишича, бу О. Д.нинг биринчи марта судланиши эмас. Маҳкума илгари туҳмат қилиш (2010 йил) ва ўзимбошимчалик (2017 йил) айбловлари билан икки марта судланган. Шунингдек, унга нисбатан қасддан баданга шикаст етказиш аломатлари билан жиноят иши ҳам қўзғатилган бўлиб, фақат тарафларнинг (2019 йил) ярашгани муносабати билан «иш» тугатилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.