АҚШ Ҳукумати Facebook’ни судга берди. Instagram ва WhatsApp сотилиши мумкин

Улашиш:

АҚШ Федерал савдо комиссияси ва 46 штат Facebook’га қарши даъво аризалари билан судга мурожаат қилди.

Компания монополияга қарши курашиш қонунларни бузганликда айбланмоқда. Расмийларнинг талабларидан бири Instagram ва WhatsApp ижтимоий тармоқларининг сотилишидир, деб ёзади “The Wall Street Journal”.

Facebook акциялари нархи 9 декабрь, чоршанба куни 1,93 фоизга пасайиб, ҳар бир акция нархи 277,92 долларни ташкил қилди. Пасайишнинг кунлик энг юқори даражаси 4 фоизни ташкил этган. Яъни ҳар бир акция нархи 271,75 долларгача тушиб кетган.

Ҳукумат нимани даъво қилмоқда?

Маълум қилинишича, 9 декабрь, чоршанба куни судга берилган даъволарга кўра, Instagram ва WhatsApp’ни сотиб олиш Facebook’нинг рақобатни йўққа чиқариш стратегиясининг бир қисми бўлиб, унда компания кичик стартаплар фаолиятини сотиб олиб, уларнинг ишини музлатиб қўйган.

“Facebook ўзининг устунлиги ва монопол кучидан кичикроқ рақобатчиларни сиқиб чиқариш, рақобатни бўғиш ва буларнинг ҳаммасини кичик стартаплар фаолиятини музлатиб қўйиш учун шуғулланди”, дейди Ню-Йорк Бош прокурори Лаэтиция Жеймс.

Прокурорнинг сўзларига кўра, компания рақобатчиларг ижтимоий тармоқнинг устунлик мавқеига таҳдид қилишидан олдин уларни сотиб олиш учун катта миқдорда маблағ сарфлаган. 

“Хусусий ижтимоий тармоқлар миллионлаб америкаликларнинг ҳаётида муҳим ўрин тутади. Facebook’нинг ўз монополиясини мустаҳкамлаш ва қўллаб-қувватлаш бўйича қилаётган ҳаракатлари истеъмолчиларнинг ҳуқуларини бузмоқда” дейди, Федерал савдо комиссиясининг Рақобат бюроси директори Ян Коннер.

Facebook қандай жавоб берди?

Facebook Instagram ва WhatsApp’дан воз кечиш талабига жавобан, тарихни қайта кўриб чиқишни тавсия қилди. Компания WhatsApp мессенжерини 2014 йилда 19 миллиард долларга сотиб олган. Instagram фото алмашиш ижтимоий тармоғи эса, Facebook томонидан 2012 йилда 1 миллиард долларга сотиб олинган.

Ушбу айбловларга жавобан, ижтимоий тармоқ ўша пайтда иккала битим ҳам тегишли монополияга қарши идоралар томонидан текширилганини билдирди. Федерал савдо комиссияси аъзолари 2012 йилдаги Instagram’ни сотиб олиш шартномасини синчковлик билан кўриб чиққан ва уни бир овоздан маъқуллаган. Европа Комиссияси WhatsApp’нинг сотиб олинишининг потенциал бозордаги рақобат хавфини аниқламаган.

Аввалроқ жорий йилнинг 20 октябрь куни АҚШ Адлия вазирлиги Google компаниясига қарши судга мурожаат қилиб, компания қидирув ва қидирув рекламаларида tтакчи мавқеини сақлаб қолиш учун рақобатга қарши сиёсат олиб бораётганини таъкидлаганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.