Қозоғистонда ўлим жазоси бекор қилинмоқда

Улашиш:

Қозоғистон ўлим жазосини расман бекор қилди. Мамлакат президенти бу борадаги тегишли қонунни имзолади, деб хабар беради Tengrinews.

“Давлат раҳбари Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг ўлим жазосини бекор қилишга қаратилган Иккинчи факултатив протоколини ратификация қилиш тўғрисидаъги Қозоғистон қонунини имзолади. Қонун матни матбуотда эълон қилинмоқда”, — дейилади хабарда.
Таъкидланишича, 2003-йили Қозоғистонда ўлим жазосига мораторий жорий этилган, ўшандан буён мамлакатда бирорта ўлим жазоси амалга оширилмаган.
“Қозоғистон ўлим жазосидан воз кечишга қаратилган халқаро пантга қўшилди. Оғир жазодан воз кечиш, шубҳасиз, ҳуқуқий жамият, инсонпарварлик тамойилларига асосланган давлат қуриш йўлидаги муҳим қадам ҳисобланади”, — дея таъкидлайди Сенат раиси Маулен Ашимбаев.
Халқаро протоколга кўра, Қозоғистон ўлим жазосини бекор қилгач, ундан фақат ҳарбий ҳолат даврида фойдаланиш ҳуқуқини сақлаб қолади.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев ушбу қарор ҳақида 2020-йилнинг сентабр ойида ўтказилган БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги чиқишида маълум қилиб, мамлакат инсоннинг ҳаётга бўлган ҳуқуқини таъминлашни мақсад қилиб қўйганини айтган эди.
Маълумот учун, Ўзбекистонда ўлим жазоси 2008-йил 1-январдан бошлаб бекор қилинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.