Абдукарим Мирзаев билан боғлиқ янги маълумотлар эълон қилинди

Улашиш:

Абдукарим Мирзаевнинг адвокати Маҳмуд Саид Aрслон маъмурий қамоқни тугатиш тўғрисида Истанбул Жиноят суди судларига юборилган аризалар мурожаат сабаблари ўрганилмаган ҳолда рад этилганини таъкидлади. Ўз навбатида, журналистнинг ҳамкасби у билан телефон орқали мулоқотда бўлган олти шубҳали шахснинг айбсиз экани аниқланганини маълум қилди.

2020 йилнинг 11 декабрга ўтар кечаси турк полицияси томонидан қўлга олинган ўзбекистонлик таниқли журналист Абдукарим Мирзаевнинг вакили, адвокат Маҳмуд Саид Aрслон расмий баёнот билан чиқди.

Адвокатнинг маълум қилишича, 10 декабрь куни Истанбул Бош прокуратураси буйруғи билан Абдукарим Мирзаевнинг уйида тинтув ўтказилган ва унинг телефони текширилган. Жиноят ёки жиноят содир этилганига оид шубҳа туғдирадиган ҳеч қандай ҳолат аниқланмагани боис терговни олиб борувчи прокурор томонидан ҳатто унинг кўрсатмалари ҳам олинмаган. Бироқ полиция гуруҳи Мирзаевни 3 кун мобайнида Кучукчекмеже полиция идорасида ушлаб тургач, уни 14 декабрь куни Истанбул иммиграция маъмурияти ҳузуридаги Бинкилик (GGM) репатриация марказига топширган.

Истанбул иммиграция маъмурияти 15 декабрь куни Мирзаевга жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид қилгани учун депортация қилиш ва маъмурий қамоққа олиш тўғрисида буйруқ чиқарди. Буйруқда эса Истанбул Бош прокуратураси томонидан ёзилган хат туфайли Мирзаев жамоат тартибига ва жамоат хавфсизлигига таҳдид солган деган хулосага келингани ёзилган. Аммо Истанбул Бош прокуратураси томонидан ёзилган ҳеч бир ҳужжатда Мирзаевнинг жиноят содир этганлиги тўғрисида далил ёки маълумот мавжуд эмас, фақат тинтув ўтказиш талаб қилинган.

Депортация операциясини бекор қилиш учун 1-сонли Истанбул маъмурий судига даъво аризаси киритилган. Маъмурий қамоқни тугатиш тўғрисида Истанбул Жиноят суди судларига юборилган аризалар мурожаат сабаблари ўрганилмаган ҳолда, ҳеч қандай асосларсиз рад этилди. Истанбул Иммиграция бошқармаси ва Миграция бош бошқармасига қилинган мурожаатларга эса жавоб берилмаган.

«Гарчи ҳеч қандай жиноятда гумондор қилинмагани ҳолда, Мирзаевни озодликдан маҳрум қилиш инсон ҳуқуқларини жиддий бузиш ҳисобланади, шу боис маъмурий қамоқ зудлик билан бекор қилиниши даркор», — дейди адвокат.

Ўз навбатида, 5 январь куни бўлиб ўтган жонли эфир вақтида Абдукарим Мирзаевнинг ҳамкасби, Registon TV YouTube канали раҳбари Тоҳир Абдулғани Абдуллоҳ сўнгги вақтларда журналистнинг минглаб мухлислари телефон ва ижтимоий тармоқлар орқали у билан мулоқотга киришгани, улар орасида айрим телефон қўнғироқлари ва ёзишмалар, ҳамма жойда бўлгани каби, Туркияда ҳам ўзининг хавфсизлигини ўйлайдиган ташкилотларга шубҳали кўринган.

«Энг охирги олган маълумотимизга кўра, Абдукарим Мирзаев билан алоқада бўлган олти нафар шубҳали шахснинг олтови ҳам айбсиз деб топилган ва улар айбсиз деб эълон қилинган. Уларни деб Абдукарим Мирзаевни ушлаб туришган эди», — деди Тоҳир Абдулғани Абдуллоҳ.

Эслатиб ўтамиз, журналист Абдукарим Мирзаев Туркияда қўлга олинганидан сўнг Ўзбекистон Бош прокуратураси унга нисбатан ҳеч қандай жиноий иш йўқлиги ва журналистнинг ўзи ҳам қидирувда эмаслигини маълум қилган эди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.