Ўзбекистонда сув қувурларининг 35 фоизи эскиргани маълум қилинди

Улашиш:

Ичимлик суви қувурларнинг 35 фоизи эскирган, бу сув йўқотилишига сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда АОКАдаги брифингда «Ўзсувтаъминот» АЖ бошқаруви раиси Соҳиб Саифназаров маълум қилди.

«Лойиҳа олди ўрганишлар ва гидрогеология изланишларини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтаришимиз керак. Янги лойиҳалар энди нафақат вилоят кесимида, балки туман ва маҳаллалар кесимида танланади. Бу лойиҳалар аҳоли, депутатлар билан кўриб чиқилади.

Ҳозирда жуда кўп уй-жой мавзелари қурилмоқда. Лекин уларнинг қанчалик сув билан таъминлангани — жиддий масала. Бу борада Қурилиш вазирлиги билан биргаликда ишлаймиз, натижада самарасиз инвестицияларга йўл қўймаймиз.

Соҳада тендерларни ўтказиш, пудрат ташкилотларини танлаш жараёнлари шу йилдан бошлаб фақат онлайн ўтказилади, инсон омили тўлиқ чиқарилади.

Энг катта муаммолардан бири — сувнинг йўқотилиши. Қувурларнинг 35 фоизи эскирган, уларни алмаштириш керак. Бу борада белгиланган вазифалар албатта бажарилади. Сув иншоотларида ҳам янги, энерегиятежамкор ускуналар ўрнатилади», — деди «Ўзсувтаъминот» раиси.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ичимлик суви учун тарифлар ошаётгани хабар берилганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.