Ўзбекистон шахмат федерациясини яна бир иқтидор эгаси тарк этиши мумкин

Улашиш:

Дунё шахмати тарихида иккинчи энг ёш халқаро гроссмейстерга айланган Жавоҳир Синдоров мамлакат шахмат федерациясининг эътиборсизлиги туфайли федерацияни алмаштириш ҳақида ўйлаётганини маълум қилди. Бу ҳақда у «Дарё» мухбири билан суҳбатда айтиб ўтган.

«Беш ёшимдан буён шахмат билан шуғулланаман. Уч нафар укамдан иккиси ҳам шахмат билан шуғулланган. Оиламда профессионал шахматчилар бўлмаган, бу спорт турига мени бобом олиб кирган, отам эса мени ҳар доим қўллаб-қувватлаган.

2018 йилда шахмат тарихидаги энг ёш иккинчи гроссмейстерга айланганман. Албатта, бу натижага эришиш йўлида машаққатли меҳнат қилганман, жуда қийин бўлган. Унвонни қўлга киритганимдан кейин мени Ўзбекистонда жуда яхши кутиб олишган. Кеч бўлишига қарамай барча яқинларим, устозларим, телевидение ходимлари ва мухлислар аэропортга чиққан. Ўша вақтда менга Президент томонидан уч хонали уй калити топширилган», — эслайди спортчи.

«Профессионал шахматчи йилига камида 9 ёки 10 та халқаро мусобақада иштирок этиши керак бўлади. Бунинг бир ёки иккитаси Ўзбекистонда бўлиши мумкин, қолган барча мусобақалар чет элда бўлиб ўтади. Гроссмейстерлик унвонини қўлга киритиш учун йилига 9-10 та чет эл мусобақаларида қатнашишга тўғри келган. Бунга кетадиган харажатнинг барчаси оилам томонидан қопланган. Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан менга ҳеч қандай моддий ёрдам берилмаган», давом эттиради у.

«Рекордни янгилаганимдан кейин ҳам шахмат федерацияси томонидан ҳеч қандай эътибор бўлмади. Улар фақатгина федерация расмий сайтида мени табриклаш билан чекланди.

Гроссмейстерлик унвонини қўлга киритганимда бир ой ўтар-ўтмас олти кишидан иборат Ўзбекистон шахмат терма жамоаси билан 16 ёшгача бўлган спортчилар ўртасидаги бутунжаҳон шахмат Олимпиадага бордик. У ерда кучли рақиблардан устун келган ҳолда, Ўзбекистон тарихида биринчи марта Олимпиада чемпионлигини қўлга киритдик. Бизни Тошкентда тантанали равишда кутиб олишди. Кейинроқ қатнашчиларга Президент совғаси — автомобиллар топширилди. Лекин мен ва жамоадошим Ситора Сапарова ҳатто тақдирлаш маросимига чақирилмадик ҳам, қолган қатнашчиларнинг барчасига автомобиль совға қилинди. Федерация нима учун биз иккимиз маросимга чақирилмаганимизни изоҳсиз қолдирди», — дейди Жавоҳир.

Иқтидорли спортчи 2019 йилда Ёшлар Иттифоқи кўмагида Синдоров Жавоҳир Кубоги мусобақасини ташкил қилганини, унда қўшни мамлакатлардан ҳам ёш шахматчилар келиб иштирок этганини, лекин негадир, айрим тенгдошлари бу мусобақада қатнаша олмаганини, кейинчалик суриштирса, шахмат федерацияси томонидан оғзаки тақиқ қўйилганини айтади.

«Албатта, чет эл федерацияларидан қатор таклифлар келган. Бироқ мен Ўзбекистон ўғлони сифатида ўз юртимни ҳимоя қилгим келади. Агар шахмат федерация томонидан бундай тўсқинликлар бўлаверса, у ҳолда Гулруҳбегим Тоҳиржонова сингари федерациямни алмаштиришимга тўғри келади. Аммо мен буни хоҳламайман. Шунчаки бизга ҳам озгина эътибор берилишини истаймиз.

Мисол учун Ҳиндистон федерацияси оддийгина Опен мусобақасига 70 нафар шахматчисини барча харажатларни қоплаган ҳолда юборди. Бу ерда эса туғишган укам Исломбек Синдоров олти карра Осиё чемпиони, икки карра Жаҳон чемпиони бўлишига қарамай мана шу эътиборсизлик сабаб фаолиятини муддатидан аввал якунлади», — дейди у.

Халқаро гроссмейстер бошқа федерацияларда йилига юзлаб мусобақалар ташкил этилишини айтаркан, Ўзбекистонда фақат битта халқаро мусобақа борлигини, спортчилар ўз даражасини сақлаб туриши учун кўплаб мусобақаларда қатнашиши кераклигини айтади. Чет элда бўладиган мусобақалар харажатларини эса ўзлари қоплашларига тўғри келмоқда.

«Шу сабаб мен таниган кучли шахматчилар, гроссмейстерлар Темур Гареев, Антон Филиппов (Филиппов федерация эътиборсизлиги сабаб Қозоғистонга кетган), Темур Кўйбакоров ва бошқалар ўз федерациясини алмаштиришга мажбур бўлган. Сўнгги йилларда Ўзбекистонда жуда кўплаб ёш иқтидорлар ўсиб келмоқда. Агар улар ҳам эътиборсиз қолдирилса, худди укаларим ва бошқа кўплаб шахматчилар каби фаолиятини эрта якунлашга мажбур бўлади», — дея таъкидлайди Жавоҳир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ машҳур опа-сингил шахматчилар терма жамоадан чиқариб юборилгани маълум бўлганди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.