Ўзбекистонда пенсия таъминоти тизими тубдан ўзгартирилади

Улашиш:

2021 йилнинг 1 июнидан бошлаб Ўзбекистонда пенсия таъминоти соҳасига ўзгартиришлар киритилиши мумкин. Бу чора 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастури бўйича президент фармони лойиҳасида назарда тутилган. 

Ҳужжат лойиҳаси “Тараққиёт стратегияси” Маркази томонидан муҳокама учун эълон қилинган. 

Пенсия ва нафақаларни тайинлашда фуқаролар учун янада қулай шароитлар яратиш мақсадида қуйидаги тартибни ўрнатиш таклиф қилинади:

- пенсияларни тайинлашда шахснинг иш ҳақи ва меҳнат стажи тўғрисидаги маълумотларнинг электрон базаси юритилмаган давр –
2005 йилдан аввалги йиллар учун иш стажи шахснинг меҳнат дафтарчасидаги мавжуд ёзувлар асосида ҳеч қандай тасдиқловчи ҳужжатлар талаб этилмасдан ҳисобланади;

- уч йилдан ортиқ давр учун тайинланган ёки қайта ҳисобланган пенсия ва нафақаларни текшириш ва улар бўйича ортиқча тўловини ундириш бекор қилинади;

- ишловчилар томонидан ишламайдиган турмуш ўртоқлари келгусида пенсия таъминотига эга бўлишлари учун ўз даромадларидан ихтиёрий равишда ҳар ойда ижтимоий солиқ тўлаш ҳуқуқи берилади;

- пенсия ва нафақалар фуқаронинг хоҳишига кўра рўйхатга олинган доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича тайинланади ва тўланади;

- пенсия ва нафақаларни нақд пулсиз шаклда олиш учун аризалар фуқаролар томонидан Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг тегишли бўлимига мурожаат қилмаган ҳолда, тижорат банкларида пластик карталарни очиш жараёнида ёки банк мобил иловалари орқали электрон шаклда расмийлаштирилади;

- фуқароларнинг пенсияга бўлган ҳуқуқи йўқолганлигини тегишли идоралар томонидан тақдим этиладиган электрон маълумотлар асосида аниқлаш орқали тўловларни нақд пулсиз шаклда олувчилар томонидан ҳар олти ойда Пенсия жамғармасининг бўлимига келиш ёки жойига чиққан ҳолда мониторинг ўтказиш мажбурияти бекор қилинади. 

Бундан ташқари, пенсия ва нафақалар тўғри тайинланиши ҳамда тўланиши бўйича текширишлар натижасида аниқланган ортиқча тўлов суммасининг 2021 йил 1 январь ҳолатига қарздорлиги ҳисобдан чиқарилиши мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.