Энди Ўзбекистонда эркаклар 62, аёллар эса 58 ёшда пенсияга чиқади (ми?)

Улашиш:
Ўзбекистонда пенсия таъминоти солидар тизимда ишлайди: айни пайтда ишлаётганлар ҳисобидан пенсия ёшига чиққанлар учун пул тўланади. Аммо тизим босқичма-босқич ўзгариши кутилмоқда.

Бу ҳақда Пенсия жамғармаси ижро этувчи директори биринчи ўринбосари Медет Тлеуов 28 январь, сешанба куни АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида маълум қилди, дея хабар бермоқда «Gazeta.uz».

Тлеуовнинг айтишича, Ўзбекистонда қарийб 15 миллион иқтисодий фаол аҳоли бўлиб, уларнинг фақат 5 миллионга яқини солиқларни расман тўламоқда, яъни даромадларини шаффоф кўрсатади. Шу туфайли пенсия таъминоти тизими айнан бугун солиқ тўловчилар қувватига чамбарчас боғланган.

Пенсия жамғармаси раҳбарияти вакилининг таъкидлашича, Ўзбекистонда давлат пенсия таъминоти уч поғонали тизимга алмаштирилиши кутилмоқда.

«Пенсия сиёсати фақат бир пенсия тизимига асосланиб қолмаслиги керак. Шу сабабли, тараққий этган мамлакатларда ҳар иккала тизимдан фойдаланишга асосланган уч поғонали пенсия тизими шаклланди — давлат пенсияси, жамғариб бориладиган пенсия ҳамда ихтиёрий пенсиявий суғурталаш», — деди у.

«Gazeta.uz» билан суҳбатлашган ҳукуматдаги манбанинг таъкидлашича, Ўзбекистонда пенсия ёшини оширишдан бошқа илож йўқ, аммо бу тадрижий бўлади.

«Эркакларга 62, аёлларга 58 ёшни пенсияга чиқиш даври этиб белгилаш кўзда тутилмоқда. Аммо ўзгариш бирдан барчага татбиқ этилмайди. У босқичма-босқич, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини ўйлаб, тадрижий амалга оширилади», — дейди манба.

Маълумот учун, Ўзбекистон давлат пенсия тизимини ривожлантириш ва янгилаш бўйича концепция лойиҳаси 2020 йилнинг апрель ойига қадар эълон қилиниши кутилмоқда.
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.