Жиззахлик тадбиркорларнинг солиқ мавзусида саволлари қолмади

Улашиш:

Бугун солиқ қонунчилигидаги ўзгаришларни солиқ тўловчиларга етказиш мақсадида Жиззах вилояти давлат солиқ бошқармаси ва вилоят ҳокимлиги ҳамкорлигида семинар ташкил этилди. Унда тадбиркорлик субъекти вакиллари, иқтисодиёт комплекси идоралари ва ОАВ ходимлари бевосита, туман студиялари Zoom платформаси орқали иштирок этдилар.

Семинарда Давлат солиқ қўмитаси департамент директори Жаҳонгир Абдиев, Жиззах вилояти ҳокимининг молия-иқтисодиёт ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Абдували Мустанов ва ДСБ бошлиғининг биринчи ўринбосари Эркин Нармановлар кун тартибидаги масалалар юзасидан сўзга чиқишди.

Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёевнинг 26 январь куни иқтисодиёт комплекси раҳбарлари билан ўтказган видеоселекторидаги мурожаатидан видеолавҳа намойиш этилди.

Янги иш ўринлари яратиш, ҳудудларда камбағалликни қисқартириш ва бу жараёнда солиқчининг тадбиркорга ҳақиқий кўмакчи бўлиши лозимлиги ҳақида фикрлар билдирилди.

Тадбиркорларга 2021 йилдаги солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар, янги солиқ ставкалари, солиқ текширувларини ташкил этиш тартиби ҳақида маълумот берилди.Тадбир амалий руҳда ўтди. Тадбиркорлар томонидан жуда кўп савол ва мурожаатлар йўлланиб, соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоблар солиқ қонунчилигидаги асослар билан тушунтирилди. Шунингдек, иштирокчиларга 2021 йилда солиқ қонунчилигидаги ўзгаришлар бўйича буклет ва флаеерлар тарқатилиб, кўргазмали воситалар ёрдамида тушунтириш берилди.

Семинарда тадбиркорлар томонидан бу каби тушунтириш-тарғибот тадбирларини ҳар бир туманда ташкил этиш, тадбиркорларга бухгалтерия ҳисобини юритишда солиқ идораси томонидан кўмак кўрсатишни кенгайтириш, ўзаро алоқа боти яратиш каби амалий таклифлар билдирилди. Бу эса семинардан кўзланган мақсад – солиқ тўловчиларнинг фаоллигини ошириш, уларни солиқ ислоҳотлари билан яқиндан таништиришга эришилганидан дарак. 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.