Коронавирусни бошқа касалликлар билан адаштириб юбормаслик қай даражада муҳим?

Улашиш:

Ҳозир йўтал, нафас сиқиши ва ҳолсизликни шифокорлар ва оддий одамлар коронавирус инфекцияси билан боғлашмоқда. Аммо бундай симптомлар бошқа касалликлар, жумладан, ўпка саратонида ҳам кузатилиши мумкин. Адашиш даволаниш жараёнига таъсир кўрсатадими? Пандемия шароитида халқаро ташкилотлар ташхис қўйиш бўйича қандай тавсиялар беришмоқда?

Ўпка саратони ва коронавирус инфекцияси симптомлари жудаям ўхшашми?
Бу икки касалликнинг ўхшаш симптомлари бор – йўтал, нафас сиқиши ва ҳолсизлик. Лекин коронавирусда симптомлар тез ўтиб кетади, ўпка саратонида эса узоқ вақт давом этади. Айтайлик, ҳолсизлик бир ойдан ошиқроқ давом этиши мумкин.

Бундай ҳолатларни ажратиб олиш учун мутахассислар муайян касалликка оид бўлган бошқа «қизил байроқлар»дан фойдаланишади. Ўпка саратони учун бу қонталаш йўтал, кўкракда оғриқ, озиб кетиш ёки иштаҳа йўқолиши. Covid-19 учун эса иситма, мушакларда оғриқ, ҳид ва таъм билиш ҳисси йўқолиши. Ундан ташқари, бошқа омилларга ҳам эътибор қаратилади – ёш, чекиш давомийлиги ва оҳакнинг танага таъсири ёки коронавирусга чалинган одам билан яқин контактда бўлиш.

Агар барча симптомлар коронавирусни кўрсатса, беморни бу касаллик учун берилган сўнгги тавсияларга биноан даволашади. Ўпка саратони бўлиш эҳтимоли юқори бўлганда, аввало ПЗР-тест олинади. Жавоб салбий бўлса, бемор қўшимча текширувларга (компьютер томографияси ва ўпка рентгени) ва онкологларга йўлланади. ПЗР-тестнинг жавоби мусбат бўлса, аввало коронавирусдан даволашади, кейин ўпка саратонининг эҳтимолий ташхиси қўйилиши муҳокама қилинади.

Баъзан беморда ҳеч қандай «қизил байроқлар» бўлмайди, симптомлар эса, коронавируснинг ҳам, ўпка саратони эҳтимолини ҳам кўрсатаверади. Тест жавоби мусбат бўлса, коронавирусга қарши даволашади. Жавоб манфий бўлса, бемордан 14 кун мобайнида ўзини яккалашни сўрашади, кейин симптомларни таҳлил қилишади. Агар аломатлар йўқолмаса, ўпка саратонига шубҳа қилинади ва қўшимча текширувлар белгиланади.

Бир нарсани тўғри тушуниш керак: ўпка саратони одатда симптомларсиз кечади, шунинг учун рискка мойил қатлам скринингдан ўтиб туриши керак. Скрининг – кўкрак қафасини паст дозали компьютер томографиясидан ўтказиш. Скрининг туфайли касалликни эртароқ аниқлаб, даволанишни вақтлироқ бошлаш мумкин. Скринингдан 55 ёшдан 80 ёшгача бўлган чекувчилар ёки 15 йил мобайнида чекиб, кейин чекишни ташлаганлар ўтишлари мақсадга мувофиқ. Ўпка саратони билан ҳеч қачон чекмаган (масалан, пассив чекувчи) одамлар ҳам касалланиши мумкин. Лекин бу анча кам учрайди ва скринингга ҳожат йўқ.

Коронавирусга гумон туғилганда дарҳол компьютер томографиясига тушиш керакми?

l i g h t p o e t / Shutterstock
«Мутлақо йўқ! КТ вирусли пневмониянинг зарра қадар белгиларини аниқлаш имконини беради. Лекин коронавирус пневмонияси бошқа вирусли пневмониядан рентген орқали фарқланмайди. Буни яхшилаб тушуниб олиш керак. Агар клиник тасвир тинч бўлса (оғир зотилжам ва нафас йўллари етишмовчилиги бўлмаса), шифокор учун ўпканинг қанча қисми шикастланганининг мутлақо фарқи йўқ – 3 фоизми, 15 фоизми ёки 27 фоиз. Айнан шунинг учун ҳам кўкрак қафаси аъзоларини фақат бу зотилжам деган асосли гумонлар бор бўлгандагина компьютер томографиясидан ўтказиш мақсадга мувофиқ», дейди Сергей Березин номидаги тиббиёт институтининг тиббиёт қисми бош шифокор ўринбосари ва пандемия даврида вақтинча амбулатор компьютер томографияси марказлари раҳбари Михаил Черкашин.

Бундай қарор кўплаб халқаро ташкилотларда ҳам қабул қилинган. Масалан, Америка радиология коллегияси кўкрак қафасини коронавирус диагностикаси учун компьютер томографиясига туширмасликни тавсия қилади. Бу фақат касалхонага ётқизилган беморлар учун фақат даволаш учун зарур бўлгандагина қилиш тавсия қилинади.

Коронавирусни яна қандай касалликлар билан адаштириш мумкин?
«Афсуски, охирги тўққиз ойда нафас йўллари ва иситма билан боғлиқ ҳар қандай касаллик шифокорлар томонидан коронавирус инфекцияси деб баҳоланмоқда. Бинобарин, амалиётда биз коронавирусга чалинган деб ўйлаган, аслида пневоторакс, фаол сил ва сурункали юрак етишмовчилиги билан оғриган беморлар учрамоқда.

Бундай ҳолларда тиббиёт визуализацияси усуллари тезкор ташхис қўйиш ва беморни зарур мутахассисга йўналтириш имконини бермоқда. Тажрибали рентгенолог интерстициал зотилжамда янглишиши қийин. Албатта, хатолар ҳам бўлиб туради. Беморлар оқими ҳозир жуда улкан бўлгани боис, хато қилмасликнинг иложи ҳам йўқ. Биз орқали суткасига 500 киши текширувдан ўтади ва бу бир неча ойдан бери давом этиб келмоқда
», дейди Черкашин.


Унинг тушунтиришича, бундан ташқари мураккаб вазиятлар ҳам учраб туради. Айтайлик, беморда ўпка саратони ҳам, коронавирус ҳам бор. Ёхуд беморда коронавирус пневмониясининг оғир шаклидан рентген орқали ҳам мутлақо фарқлаб бўлмайдиган пневмоцист пневмония ёки аспригиллез бўлади.

«Таассуфки, тиббиёт эҳтимоллар, тажрибалар ва бизнинг (бутун инсониятники назарда тутиляпти) арзимас билимимиз қотишмаси бўлган ва шундай бўлиб қолади. Бизда инсондан фойдаланиш бўйича заводда тайёрланган қўлланмалар, эҳтимолий муаммолар ва уларнинг ечимлари, бутловчи қисм ва деталлар каталоги ҳам йўқ», дея фикрини тугаллаган Черкашин.

Пандемия даврида ўпка саратонини коронавирус билан адаштириб, нотўғри ташхис қўйиш эҳтимоли ошиб кетди. Шунинг учун симптомларни яхшилаб кузатиш зарур, токи, хавф туғдириш эҳтимоли бор бўлса, шифокорга вақтида мурожаат қилинсин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.