Зарбдор туманидаги бош вазир қабулхонаси ўтган йилда қандай ишларни амалга оширди

Улашиш:

Зарбдор туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси  фаолиятини бошлаганига ҳам қарийб олти ой бўлди.

Мазкур муддат давомида Қабулхона озми-кўпми тадбиркорларнинг оғирини енгил қилишда, улар фаолиятлари давомида дуч келаётган тўсиқларни бартараф этишда ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Зарбдор туман ҳокимининг 2019 йил 20 июндаги фармойиши туфайли Қабулхона ўз фаолиятини Зарбдор туман Маданият бўлимига тегишли бинода бошлаган бўлса, 2019 йил декабрь ойидан эътиборан, Давлат хизматлари агентлигининг Зарбдор туманидаги ҳудудий марказининг  замонавий, шинам ва барча қулайликларга эга биносида давом эттириб келмоқда.

Ўтган давр мобайнида тадбиркорлардан 189 та мурожаат 201 та масала бўйича келиб тушган бўлса, шундан 196 та масала кўриб чиқилди.

 Кўриб чиқилган 196 та масаланинг 48 таси қаноатлантирилган бўлиб, шундан 9 таси банк, молия ва кредит, 10 таси ер, 7 таси инфратузилма, 2 таси солиқ, 11 таси рухсатнома ва лицензия, 4 таси бино ажратиш ва қолган бештаси бошқа турли масалаларга тегишлидир.

Жами масалаларнинг 134 тасига тегишли тартибда ҳуқуқий маълумот ва тушунтиришлар берилган бўлиб, шундан 73 тасини банк, молия ва кредит, 30 тасини ер, 15 тасини инфратузилма, 5 тасини солиқ, 4 тасини рухсатнома ва лицензия, 7 тасини бино ажратиш бўйича масалалар ташкил этади.

Қолган 14 та масала асоссиз мурожаат қилинганлиги, ёхуд ташкилотларнинг фаолият соҳасига тегишли эмаслиги, шунингдек қонуний асосларга эга эмаслиги сабабли тегишлича тартибда рад этилди.

Шунингдек, Қабулхона томонидан жойларда сайёр қабуллар ўтказилган бўлиб, уларда 100 дан ортиқ тадбиркорлар ва энди тадбиркорлик фаолиятини бошламоқчи бўлган фуқаролар иштирок этишди.

Қабулхона ўз фаолият даражасини кенгайтириб бориш, тобора тадбиркорлар ва фуқароларнинг ичига кириб бориш юзасидан ҳам тегишли ишларни олиб бормоқда.

Хусусан, ҳар ҳафтада жойларга чиқиб тадбиркорлар, шунингдек, бўш турган бино эгалари ва фаолиятсиз тадбиркорлик субъектлари билан учрашиб, уларнинг муаммолари ўрганилмоқда, Жиззах-Гулистон йўналиши бўйича А-376 магистрал йўлига Қабулхона фаолиятига оид чорловчи 6х3 ҳажмдаги панно ўрнатилди.

Албатта ютуқлар билан бирга камчиликлар ҳам йўқ эмас, фаолиятимиз жараёнида айрим ташкилотларнинг фуқаро ва тадбиркорларнинг мурожаатларига совуққонлик билан қараганлиги ҳамда Қабулхонанинг назоратни баъзи ўринларда сусайтириши оқибатида мурожаатларни кўриб чиқишда белгиланган муддатларга риоя этилмаслик ва юзаки ёпиш ҳолатлари аниқланган ҳамда бунинг натижасида 14 та  такрорий мурожаат рўйхатга олинган.

Мазкур ҳолатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги Фармонининг ижросини таъминлашда ҳамда туманимиз ҳудудида тадбиркорлик муҳитини ривожлантиришда сунъий тўсиқ вужудга келишига сабаб бўлаётганлиги сабабли, қонун бузилиши ва масъулиятсизликга йўл қўйган тегишли раҳбар ва уларнинг ходимларига нисбатан тегишли чора кўрилиши юзасидан туман Адлия бўлимига ҳамда Вилоят Бош вазир қабулхонасига бир қанча хатлар юборилди.

 Ушбу хатларнинг натижаси ўлароқ, қонун бузилиши ва масъулиятсизликга йўл қўйган тегишли раҳбар ва уларнинг ходимларига нисбатан огоҳнома ва тақдимнома таъсир чоралари киритилди.

Зарбдор туманидаги Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхонаси томонидан тегишли қонун ва норматив ҳужжатлар асосида ўз фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан барча зарурий чора тадбирлар амалга ошириб борилмоқда.

Ҳурматли тадбиркорлар, Сизларнинг қонуний хуқуқларингиз бузилса ёки тадбиркорлик фаолиятингизда муаммолар пайдо бўлса, Зарбдор туманидаги Бош вазир қабулхонаси  сизнинг доимий йўлдошингиз бўлиб хизмат қилади.

Мурожаат учун телефон: (+99872) 49-22-266, (+99899) 550-17-72

Манзил: Зарбдор тумани Мустақиллик шоҳ кўчаси Давлат хизматлари маркази биноси

Ф.Муродов, Қабулхона мудири

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.