Халқ депутатлари Зомин туман Кенгашининг ўн иккинчи сессиясида туман суд раисларининг ахборотлари тингланди

Улашиш:

Халқ депутатлари Зомин туман Кенгашининг навбатдаги ўн иккинчи сессияси бўлиб ўтди.

Сессияда туман Кенгаши депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати, Фан, таълим, маданият ва спорт қўмитаси аъзоси Муқаддас Ўразалиева, туман суд раислари, туман ҳокими ўринбосарлари, туман халқ таълими бўлими вакиллари ҳамда ҳудуддаги умумтаълим мактаб директорлари иштирок этишди.

Сессияни туман Кенгаши раиси, туман ҳокими Алишер Абдуғаниев олиб борди. Сессияда депутатлар томонидан олтита масала кўриб чиқилди.

Хусусан, туманда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш жамғармасини ташкил этиш, “Фахрий мураббий” ордени билан мукофотлашга киритилган номзодларни кўриб чиқиш ҳамда Зомин тумани 12-сонли Болалар мусиқа ва санъат мактабида 2020/2021 ўқув йилини пандемия шароитида ўқув жараёнларини бошлаш тўғрисидаги масалалар муҳокама этилди.

Шунингдек, сессия иши давомида депутатлар томонидан Зомин тумани халқ таьлими бўлимининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони лойиҳаси бўйича, Зомин туманидаги жиноят, иқтисодий ва маъмурий  суд раисларининг 2020 йилнинг 9 ойи давомида одил судловни амалга ошириш бўйича ҳамда Зомин туман адлия бўлимининг тумандаги давлат органлари ва ташкилотларнинг норма ижодкорлиги ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти бўйича 2020 йилнинг III чораги давомида фаолияти юзасидан ахборотлари тингланди.

Жумладан, Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси М.Зиямитдинов сўзга чиқиб, “Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 21 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси суд тизими тузилмасини тубдан такомиллаштириш ва фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-4966-сонли Фармонига асосан, ишларни биринчи инстанцияда кўриб чиқишга ваколатли бўлган 71 та туманлараро, туман (шаҳар) иқтисодий судлари ташкил этилиши белгиланган бўлиб, ушбу Фармон асосида Зомин туманлараро иқтисодий суди ташкил этилиб, 2017 йил 1 июндан бошлаб фаолият юритиб келмоқда.

Жиззах вилоятининг Зомин, Зарбдор ва Янгиобод туманлари Зомин туманлараро иқтисодий судининг юрисдикция ҳудуди этиб белгиланган.

Зомин туманлараро иқтисодий судининг 2020 йил 9 ойи давомида иш фаолияти иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилди.

2020 йил 9 ойи давомида суд томонидан жами 1749 та ишлар кўриб чиқилган бўлса, ушбу ҳал этилган ишларнинг 489 таси ёки 27,9 фоизи Зомин туман ҳудудига тегишлидир.

Зомин туман ҳудудига тегишли ҳал этилган ишлар бўйича даъвогар (аризачи)лар фойдасига 5 млрд. 407 млн. 569 минг 994 сўм ундириш ҳақида суд ҳужжатлари қабул қилинди.

Зомин туманлараро иқтисодий суди томонидан туман ҳудуди бўйича 2020 йил 9 ойида хўжалик юритувчи субъектларни банкрот деб топиш тўғрисида иқтисодий ишлар 201 тани ташкил қилади.

Судларга даъво аризаси (ариза)лар тақдим этишда давлат бюджетига ихтиёрий равишда  4 млн 977 минг 156 сўм давлат божи тўланган. Кўрилган ишлар юзасидан давлат бюджетига суд қарорига асосан 202 млн 871 минг 171 сўм давлат божи ундириш белгиланган.

Суд таъсирчанлигини ошириш билан боғлиқ фаолият бўйича ҳисобот даврида суд томонидан ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан айбдор мансабдор шахсларга нисбатан жами 8 та суд таъсир чоралари қўлланилди. Хусусан, маъмурий жавобгарликка тортиш ҳақида 3 та, моддий жавобгарликка тортиш ҳақида 1 та, интизомий чора қўллаш ҳақида 2 та ва қонунбузилишларни олдини олиш ҳақида 2 та хусусий ажримлар чиқарилган.

2020 йил 9 ойи мобайнида жисмоний ва юридик шахслар вакилларининг жами 9 та мурожаатлари ўрганиб чиқилди. Шундан 2 таси Зомин туманида истиқомат қилувчи фуқаролардан келган. Ушбу мурожаатларга суд томонидан ўз вақтида тегишли тушунтиришлар берилган.

Шунингдек, 2020 йил 9 ойи мобайнида 2 нафар жисмоний ва юридик шахсларнинг вакиллари суд раиси томонидан шахсий қабул қилинди. Шундан 2 таси бевосита идорада қабул қилинган.

Шахсий қабулдаги мурожаатларнинг 1 таси суд ҳужжатидан норозилиги юзасидан, қолган 8 таси бошқа масалалар бўйича. Қабул қилинган барча шахсларга тегишли тушунтиришлар берилган.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан судларга қилинадиган мурожаатларни ўз вақтида ўрганиб, жавоб берилишини тартибга солиш мақсадида ҳар ҳафтанинг жума кунлари “Тадбиркорлар куни”, шанба кунлари эса “Очиқ эшиклар куни” деб белгиланиб, алоҳида режага асосан тадбиркорлар билан учрашувлар ташкил этилиб, ўтказилиб келинмоқда.

Жойларда мавжуд муаммоларни ҳал этиш юзасидан аҳоли билан ҳар ойда камида бир марта очиқ мулоқатларни ташкил этиш тизимини йўлга қўйилган бўлиб, иқтисодий суд томонидан бир қатор ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

Бундан ташқари ўтказилган ҳуқуқий тарғиботларнинг 14 таси ОАВларда ёритилган. Шундан, телевиденияда 5 та, радиода 3 та, газеталарда 6 та чиқишлар қилинган.

Суднинг иш фаолияти иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга ошириш, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этишга қаратилганлиги, давлатимизда тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотларнинг давом этаётганлиги, жорий йил ҳам иқтисодий судлар томонидан иқтисодиёт соҳасида одил судловни амалга ошириш, айниқса тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги ишларга алоҳида эътибор қаратишни тақозо қилади” деб таъкидлаб ўтди.

Сессия якунида Халқ депутатлари туман Кенгашининг ўн иккинчи сессияси кун тартибига киритилган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.

Сессия қарори билан суд раисларига фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ишончли ҳимоясини таъминлаш, одил судловни амалга оширишда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 13 июнь куни Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган суд органлари тизимида одил судловни таъминлаш борасидаги ишлар аҳволи, муаммолар ва истиқболдаги вазифаларига бағишланган йиғилишида қилган маърузаси, Ўзбекистон Республикаси судьяларининг Ўзбекистон халқига мурожаатида белгиланган вазифаларига алоҳида эътибор қаратиш, ҳар бир судья томонидан аҳоли билан жойларда бир ойда камида бир марта очиқ мулоқотлар ташкил этиш ва бошқа бир қанча вазифалар тавсия этилди.

 

                                                               Машраб Зиямитдинов

 Зомин туманлараро иқтисодий суди раиси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.