Бўстонлиқ ва Зоминда янги дор йўллари қурилади

Улашиш:

Австриянинг Doppelmayr компанияси Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ ва Жиззах вилоятининг Зомин туманларида дор йўли (канатная дорога) қуради. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Ўзбекистон Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов Австриянинг Doppelmayr компаниясининг МДҲ мамлакатлари бўйича директори Валерий Яшин билан учрашди. Томонлар Ўзбекистонда тоғ-дор йўлларини ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди

Жорий йилнинг 25 ноябрь куни Doppelmayr’нинг техник мутахассислари Бўстонлиқ ва Зомин туманларида бўлиб, жойларда дор йўлларини қуриш имкониятларини ўрганишди.

Азиз Абдуҳакимовнинг сўзларига кўра, Зоминда иккита гондол-кресло типидаги дор йўли ҳамда тоғ-чанғи трассаларига хизмат кўрсатиш учун учта кўтарувчи мослама қурилади. 

“Амирсой”да ҳам қўшимча равишда гондол турдаги дор йўли ҳамда тоғ-чанғи трассаларига хизмат кўрсатувчи бир неча кўтарувчи мослама қуриш режалаштирилмоқда. Бундан ташқари, яна иккита манзарали дор йўлини қуриш кўзда тутилган. 

Ўрганиш ишлари доирасида ушбу жараёнларни тезлаштиришга оид музокаралар ўтказилди. Doppelmayr’нинг техник мутахассислари жойларга чиқиб, муҳандислик-тадқиқот ва геологик ишларнинг топографик тасвирга олиш ишларини бошлашди, уларнинг асосида дор йўллари ва кўтармаларнинг аниқ жойлашув манзиллари белгиланади. 

Учрашув якунларига кўра, Ўзбекистонда, хусусан, Бўстонлиқ ва Зомин туманларида дор йўлларини ривожлантириш бўйича ҳамкорлик меморандумини имзолашга доир келишувга эришилди. 

Австриянинг Doppelmayr компанияси дор йўлларини қуриш ва уларни кресло кўтармалар ва гондоллар билан жиҳозлашга ихтисослашган. Компания Китцбюэл (Австрия), Кобленц (Германия) ва Уистлер-Блэккомб (Канада)да уч дорли 3S гондолларни ишлаб чиқариш бўйича биринчи бўлган. У шунингдек кўтармаларда иситувчи креслолар каби қатор инновацион маҳсулотлар бозорида ҳам фаол.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.