Тошкент яқинида журналист ҳужумга учради. Ҳолат бўйича Бош прокуратура баёнот берди

Улашиш:

Пойтахтга туташ Тошкент вилоятининг Зангиота туманида «Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги» журнали мухбири Б. Эсонов номаълум шахслар ҳужумига учради. Воқелик жорий йилнинг 21 ноябрь куни кечки пайт содир бўлгани айтилмоқда.

Бош прокуратура матбуот хизмати раҳбари  Ҳаёт Шамсутдинов воқеликни тасдиқлар экан, ҳолат бўйича Зангиота тумани ИИБ тергов бўлими томонидан ЖКнинг (Жиноят кодекси) 164-моддаси  (босқинчилик) 3-қисми «а» банди жиноят иши қўзғатилгани, икки нафар гумондорлардан бири қўлга олинганини билдирди. Унинг қўшимча қилишича, содир бўлган воқеа журналистнинг касбий фаолияти билан боғлиқлиги  эҳтимолдан йироқ.

Дастлабки маълумотларга кўра, Н. Қ. (1983 йилда туғилган)  шериги И. билан Зангиота туманининг Тарнов маҳалласидаги ошхонада спиртли ичимлик истеъмол қилишгач, ўзига тегишли «Матиз»да йўлга тушишади. Йўл-йўлакай машина тўхтатиш учун қўл кўтариб турган журналистнинг ёнида тўхтаб, манзилига етказиб қўйишини билдиришади. Бироқ туманнинг Тўқимачи маҳалласига келганда икковлон Б. Эсоновни (1965 йилда туғилган) калтаклаб, унинг ёнида бўлган пул (1 миллион сўм ва 100 АҚШ доллари), банк пластик картаси, хизмат гувоҳномаси ва бошқа шахсий ашёларини олиб,  воқеа жойидан яширинишади.

Олиб борилган тезкор суриштирув натижасида Н. Қ. ушланиб, унинг ёнидан Б. Эсоновга тегишли шахсий нарсалар топилган.  Ҳозирда у қамоққа олинган.

Б.Эсоновга Тошкент тиббиёт академияси клиникасида тиббий ёрдам кўрсатилган. Муолажа жараёни давом этаётир.

Айни пайтда унга етказилган тан жароҳатлар бўйида судга оид тиббий экспертиза тайинланган.

Тергов ҳаракатлар давом этмоқда. Жиноят иши назоратга олинган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.