«Пул топиб олдим»: Владивостокда ўзбек ва корейсларни чув туширган фирибгарлар қўлга олинди

Улашиш:

Приморье пойтахтида чет эллик фуқароларни «эски усул»да чув тушириш билан шуғулланиб келган уч нафар фирибгар қўлга олингани ҳақида «Vesti.ru» хабар берди.

Россия ИИВнинг Приморье бошқармаси хабарига кўра, фирибгарлик сценарийси қуйидагича амалга ошган: уларнинг бири йирик купюрали пулларни тушириб қолгандек тасаввур уйғотиб, воқеа жойидан узоқлашган, унинг ортидан келаётган иккинчи одам эса 5 мингталикларни ердан «топиб олиб», воқеага гувоҳ бўлган ўткинчига пулни бўлишишни таклиф қилади.

Ўткинчи гап нимадалигини тушуниб улгурмасидан ҳам бурун, қўққисдан пулнинг «эгаси» пайдо бўлади ва пулларини қайтариб беришни талаб қилишни бошлайди. Ўз пулларини эса кўрса танишини айтади. «Музокара» жараёнида фирибгар пулни «бўлишиб олганлардан» ёнларидаги бор пулларни чиқаришни ҳам талаб қилади. «Текширув» жараёнида фирибгарлардан бири сездирмасдан бу пулларнинг бир қисмини чўнтагига уради, қолганини эса қайтариб беради.

Диққатни тортиш ва чалғитиш учун пулларни «топиб олган» одам пулларнинг «эгаси»ни уларни ўзи топиб олгани, ўткинчининг бунга алоқаси йўқлигига ишонтиришга уринади. Пуллар эгасига (шерикка) қайтариб берилади. Кейин яна ҳамма ўз йўлида давом этади — фирибгарлар чўнтакда ишонувчан хорижликдан ундирилган пуллар билан.

Приморье полицияси Росгвардия ҳамкорлигида шу уч нафар фирибгарни тутгани айтилмоқда. Уччовлон Владивостокнинг турли нуқталарида потенциал нишонлар — хорижликларни нишонга олиб изғиб юришган. Иқрор бўлишларича, ҳозиргача «сценарий» камида тўрт марта иш берган. Чув тушганлар — ўзбекистонлик ва жанубий кореяликлар, фирибгарлар уларни 70 минг рублга тушириб кетган.

Ушланганларга нисбатан олдиндан тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар томонидан фирибгарлик амалга оширилгани бўйича жиноят иши қўзғатилган ва тергов давом эттириляпти, дейилади хабарда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.