Машҳур опа-сингил шахматчилар терма жамоадан чиқариб юборилгани маълум бўлди

Улашиш:

Ўзбекистон тарихида аёллар ўртасида биринчи халқаро гроссмейстер мақомини олган Нафиса Мўминова ва унинг сингиллари – гроссмейстер Ҳулкар ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновалар терма жамоадан четлатилган. Бу ҳақда машҳур шаҳматчи опа-сингилларнинг ўртанчаси маълум қилди.

Ҳулкар Тоҳиржонованинг «Оламспорт» нашрига билдиришича, оиланинг кенжаси Гулруҳбегим Тоҳиржонова айни пайтда АҚШ номидан дона сурмоқда.

«Гулруҳбегим ҳозир АҚШдаги Миссури университети жамоаси шарафини ҳимоя қилмоқда. Агар халқаро мусобақаларда иштирок этадиган бўлса, АҚШ номидан дона суради. У айни пайтда клуби билан бирга клублар ўртасидаги Европа чемпионатида ўйнамоқда», деган Ҳулкар.

Аммо у Америка Қўшма Штатлари фуқаролигини олмаган. Фақатгина федерация ўзгарган. Гулруҳбегим Ўзбекистон фуқароси.

Унинг ушбу таклифни қабул қилишига нима сабаб бўлганини опаси қуйидагича изоҳлаган: «Бунга сабаблар кўп. Бу ҳақида омма олдида шов-шув қилмоқчи эмасдик. Биз фақатгина Ўзбекистон учун ўйнаганмиз. Асосий қарорни ўзи қабул қилди. Дадам, опам ва мен бунга қаршилик қилмадик. Гапирса гап кўп. Шу тўғри қарор деб ҳисобладик.

– Ўзбекистон шахмат федерацияси бунга муносабат билдирдими?

– Йўқ, федерация томонидан бунга ҳеч қандай расмий муносабат бўлгани йўқ. Биз ўз ишимизни давом эттиряпмиз, «Sky Chess» клуби фаолият олиб бормоқда. Анча йиллардан буён терма жамоада ўйнамаяпмиз. Уччаламизни ҳам терма жамоадан чиқариб юборишган.

Опам ҳам Европа клуби таркибида онлайн мусобақада иштирок этмоқда, дейди Ҳулкар Тоҳиржонова.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.