«Патент бўлмаса, бошқасини ўйлаб топишади» — Россиядаги ўзбекистонликлар

Улашиш:

Ўзбекистонда ва хориждаги ўзбекистонликлар томонидан 2019 йилнинг октябридан буён Евроосиё иқтисодий иттифоқига аъзо бўлиш масаласи муҳокама қилиб келинмоқда.

Мустақилликка эришгач турли иттифоқларга қўшилишни мустақиллик учун хавф сифатида кўриб келган Ўзбекистон ҳукумати раҳбарияти сўнгги йилларда дунё учун очила бошлади. Россия Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенко Тошкентга ташрифи вақтида Ўзбекистон ЕОИИга кириши ҳақида гапириб юборганидан кейин иттифоққа аъзо бўлиш ва бўлмаслик тарафдорлари ижтимоий тармоқларда бу масалани фаол муҳокама қила бошлашди. Шунингдек, партиялар, ҳукумат аъзолари ЕОИИга қўшилиш унчалик хатарли эмаслиги ҳақида айта бошлашди ва кўпчиликда 2020 йил Ўзбекистон иттифоққа кириши аниқ деган тасаввур ҳосил пайдо бўлди.

Kun.uz сайтининг Россияга сафар қилган мухбирлари Москвадаги ўзбекистонликлардан Ўзбекистоннинг ЕОИИга қўшилишига қандай муносабатда бўлишларини сўради.

Респондентларга «Ўзбекистон ЕОИИга қўшилиши тарафдоримисиз ёки йўқ?» деган савол билан мурожаат қилинди.

- Қўшилса яхши ёки ёмон бўлишини тепадагилар яхши тушунишади. Кўпчилик патентнинг енгиллигини ҳисобга олиб гапирмоқда. Мен шахсан қўшилмаслиги тарафдориман. Ҳамманинг эркинлиги ўзида қолгани яхши. Бошқа томондан енгиллик бўлгани яхши бўларди. Мисол учун, ўзимдан келиб чиқсам, бир йилда 4 марта «регистрация» (прописка) қилиб қийналаман. Биринчиси, яхши чиқса, хўп, иккинчиси «фалшивка» (сохта) чиқади. Пул тўлаб ҳам қила олмаяпмиз. Шуни бир йиллик қилишса яхши бўларди. Патентни умуман йўқ қилишларига ақлим етмайди. Бошқа жиҳатлардан ёрдам қилишлари, енгилликлар яратишлари мумкин.

- Биласизми, авваламбор, мен олим эмасман. Олимларимиз бу масаланинг иқтисодий томонларини кўришлари керак. Депутатларимиз бор, улар бош қотиришлари керак, мен иқтисодчи эмасман. Аммоси бор. 4-5 млн одамимиз шу ерда юрибди. Қўшилмасликнинг иложи ҳам йўқда. Ким-кимгадир қўшилмаса, қолоқ бўлиб кетяпти. Ёлғиз отнинг чанги чиқмас, дейишади-ку! Бу бўлмаса, яъни иттифоққа қўшилмасак, Хитой қараб турибди. Инвестициялар киритяпти. Нималардир қуряпти. Хитойликлар босиб кетади-ку унақада? Биз улар қанақа халқ эканини билмаймиз. Менимча, ёмон бўлмайди иттифоққа қўшилсак. Кўпроқ одамлар шу ерга келиб ишлайди. Қонунлар тартибга киради ва ҳоказо.

- Мен шахсан қаршиман. Ўзбекистон ўзига хон, ўзига бек давлат. Хоҳласа қўшилади, хоҳласа қўшилмайди. «Қўшил-қўшил», деб мажбурлашмасин. Россия «қўшил-қўшил» деяпти-да фақат. Қолган давлатлар, Арманистон, Қозоғистон ва Қирғизистон «қўшил» деб айтмаяпти. Фақат Россиянинг ўзи «қўшил» деяпти. Патент тўлови бўлмайди дегани бу алдов гап. Қўшилсак, яна бошқа нарса ўйлаб чиқишади. Қул бўлиб қоламиз. Ислом Каримов – олдинги президентимиз «қўшилмаймиз» деб тўғри айтган. Лекин, Ўзбекистон-Россия ўртасида дўстона алоқалар бўлаверади. Бу иттифоқ керак эмас. Мен шахсан (патент) тўлайман. Ўзбекистон қул бўлишини хоҳламайман.

- Охирги вақтларда кўп баҳсларни кузатяпман. Мен бу ерда мигрантларга осон бўлишини эмас, бироз қийинроқ бўлишини хоҳлайман. Чунки, ўзбеклар Ўзбекистоннинг қадрига етишсин. Ҳозир, Россия билан қандайдир шартномага қўшилмоқчи. Ундай бўлса, патент бекор бўлади. Россия депутатлари барибир бирор нарса ўйлаб, қандайдир солиқ турини топишади. Мигрантлар учун бошида енгил бўлиши мумкин, кейинчалик фойдасиз бўлиб қолади. Негаки, мигрантлар Россия иқтисодиётига катта ёрдам бермоқда. Депутатларимиз бизларга иш ўринлари очиш ҳаракатини қилишсин. Оддий халқ учун яхши иш жойлари ва қонунлар ўйлаб топишларини хоҳлардим. 200-300 доллар пулни Ўзбекистонда ҳаракат қилиб топса ҳам бўлади. Бунга ҳаракат қилиш керак.

- Менга қўшилмагани яхши. Нега деганда, аввалги 15та республика бўлганда ҳам бекорга чиқиб кетмаганмиз.

Бир неча ойдан буён жамоатчилик эътибор марказида турган масала борасида президент Шавкат Мирзиёев ҳам икки бор ўз муносабатини билдирди. Давлат раҳбари 2019 йилнинг 26 декабрида Абдулла Қодирий номидаги ижод мактабида зиёлилар билан учрашув вақтида Ўзбекистон ташқи сиёсатига доир айрим қарашларини маълум қилганди:

«Мана, биз катта-катта интеграцияларга қўшилмоқчимиз. Ҳамма ҳар хил айтяпти: мустақилликни бериб қўямиз...
Ҳеч ким ҳеч қачон мустақилликни, ўзбек миллати, ким бўлишидан қатъи назар энди бермайди.

Боболаримиз бошлаб берган кураш ҳозир ҳам давом этади. Лекин жилов ўзимизнинг қўлимизда. Биз бозор иқтисодиётида манфаат нуқтаи назаридан қайси йўл тўғрилигини ҳисоб-китоб қилишимиз керак. Ҳар куни.

Албатта, бизнинг энг катта ҳаракатимиз - энг маъқул, энг тўғри иқтисодий манфаат йўлига кирамиз. Ким билан боришимизни халқимизнинг ўзи депутатлар билан маслаҳат қилиб... халқимиз билан маслаҳатлашиб қиламиз. Йўлимизнинг тўғрилигига ишонсак, қиламиз».

Президент Мирзиёев 20 январь куни Олий Мажлис Сенатининг биринчи ялпи мажлисида қилган маърузасида ҳам шу масалага тўхталиб, Ўзбекистон ташкилотга «кузатувчи» мақомида кираётганини таъкидлади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.