Жиззахда ижтимоий шериклик муносабатлари самарали йўлга қўйилмоқдами?

Улашиш:

“Юксалиш” умуммиллий ҳаракати томонидан вилоят Адлия бошқармасида “Давлат органларининг Нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш ва улар ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатларни самарали йўлга қўйиш” мавзусида очиқ мулоқот тадбири ташкил этилди.

Мулоқотнинг мақсади, бугунги кунда аҳолини нодавлат нотижорат соҳасида амалга оширилган ишлар билан таништириш, давлат ва нодавлат ташкилотлар ўртасидаги ижтимоий шериклик соҳасидаги муносабатларни амалий мисоллар билан кўрсатиш ҳамда ННТлар ўртасида ўзаро тажриба алмашишдан иборат бўлди.

Тадбирда вилоят ҳокимлигининг Дин ва жамоат ишлари масалалари бўйича котибият мудири Нурали Раимов, вилоят Адлия бошқармаси ННТ бўлими бошлиғи Ориф Хасанов, ЎзННТМА вилоят ҳудудий бўлинмаси раҳбари Назифа Камаловалар иштирок этди. Шунингдек, тадбирга сиёсий партиялар раҳбарлари, ОАВ ҳамда вилоятимизда фаолият юритиб келаётган нодавлат ташкилотлар таклиф этилди.

Очиқ мулоқот форматида ташкил этилган тадбирда сўзга чиққанлар вилоятимизда Давлат органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик муносабатлари ҳамда нодавлат ташкилотлари фаолиятида 2019-2020 йилларда олиб борилган ишлар тўғрисида маълумотлар берди.

Шунингдек, Халқ депутатлари вилоят Кенгаши ҳузурида ташкил этилган Ижтимомий шериклик бўйича жамоат комиссияси ҳамда Фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотларини қўллаб-қувватлаш бўйича жамоат фонди фаолиятини янада ривожлантириш, нодавлат ташкилотлари фаолиятида юзага келаётган муаммоларни ҳал этишга кўмаклашиш, таклиф ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашда мазкур институтларнинг муҳим ўрни тўғрисида сўз юритилди.

Тадбир давомида эксперт сифатида қатнашган сиёсий партиялар вакиллари фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлаш, давлат органлари ва нодавлат ташкилотлар ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш, амалга оширилаётган ислоҳотларда ташаббускор бўлиш, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари ва ташкилотларига давлат ва жамиятнинг янгиланишига ҳамда ривожланишига доир таклиф ва тавсияларни билдириб бориш лозимлиги айтиб ўтилди. Мулоқот қизғин фикр-мулоҳазаларга, таклиф ва ташаббусларга бой тарзда ўтди.

Тадбир якунида давлат ва жамият ҳаётида фаол бўлган давлат ва нодавлат ташкилот раҳбарлари ва ходимларига “Юксалиш” умуммиллий ҳаракатининг аъзолик сертификатлари топширилди.

Вилоят ҳокимлиги Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.