Марадонанинг адвокати кутилмаганда қотилликда гумон қилинаётган шахсни ҳимоя қилиб чиқди

Улашиш:

Диего Марадонанинг адвокати Матиас Морланинг сўзларига кўра, доктор Леопольдо Луке футболчининг соғлиғи учун жуда кўп иш қилган. Бу ҳақда унинг ўзи «Twitter»даги саҳифасида ёзиб қолдирди.

«Мен прокуратура фаолиятини тушунаман, лекин, доктор Луке, Диегонинг соғлиғи учун нима қилганингизни, унга қандай ғамҳўрлик қилганингизни ва у сизни қандай яхши кўрганини фақат мен биламан. Диего сизни яхши кўрарди ва мен унинг дўсти сифатида сизни ёлғиз қолдириб қўймайман. Адолат ҳамиша ғалаба қозонади», — деб ёзган Морла.

Аввалроқ Аргентина прокуратураси собиқ футболчи ва футбол бўйича миллий терма жамоа мураббийи Диего Марадонанинг ўлимида шахсий шифокори Леопольдо Луке устидан айблов эълон қилингани ҳақида хабар бергандик. Шунингдек, ҳамшира Даяна Гисела Мадридга нисбатан ҳам тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ўз навбатида Леопольдо Луке спортчининг ўлимида ўзини айбдор ҳисобламаслигини маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, аргентиналик таниқли футболчи Диего Марадона 25 ноябрь куни 60 ёшида оламдан ўтди. Ўлимига сурункали юрак етишмовчилиги туфайли келиб чиққан ўткир ўпка шиши сабаб бўлгани айтилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.