Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўзига хос хусусиятлари

Улашиш:

Ҳар бир мустақил давлат ўз конституциясига эга бўлиши лозим. Унда давлатнинг мақсади, моҳияти, вазифалари, ривожланиши натижасида қўлга киритилган ютуқлари ўз аксини топади.

Қабул қилинадиган конституцияда Ўзбекистоннинг табиати, ички ва ташқи сиёсатининг тамойиллари инсон ҳуқуқларига, давлат суверенитетига демократиянинг ва ижтимоий адолатнинг олий мақсадларига содиқлиги мустаҳкамлаб қўйилмоғи лозим эди. Конституция ўзбек давлатчилиги ривожланишидаги тарихий тажрибани ҳисобга олиши, халқаро ҳуқуқнинг умум томонидан эътироф этилган нормаларининг устунлиги қоидасига таяниши, фуқаролар учун муносиб ҳаётни таъминлашга асос бўлиши, барқарор, маданий бозор иқтисодига асосланган ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамияти бунёд этиши керак эди.

Ўзбекистоннинг янги Конституциясини яратиш ғояси 1990 йил 20 июнда мустақиллик декларациясининг қабул қилиниши билан бевосита боғлиқ. Мазкур Декларацияни қабул қилган Олий Кенгашнинг иккинчи сессияси бу ҳужжатдаги заминдор принциплар асосида давлатнинг янги Конституцияси ишлаб чиқилиши лозим деган хулосага келди. Сессия Президент И.А.Каримов раислигида 64 кишидан иборат Конституциявий комиссиясини тузиш тўғрисида қарор қабул қилди. Унинг таркибига депутатлар, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятларнинг вакиллари, давлат ҳамда жамоат ташкилотларининг, корхоналар, хўжаликларнинг раҳбарлари, таниқли ҳуқуқшунослар, олимлар ва мутахассислар киради. Олий Кенгашнинг ўнинчи сессиясида комиссия таркиби қисман янгиланди Ўзбекистонда конституциявий аҳамиятга молик ислоҳотлар Конституциявий комиссия тузилишидан анча аввалроқ бошланган эди.
1990 йил 24 мартида республика Олий Кенгашининг биринчи сессияси муҳим тарихий қарор қабул қилиб, Ўзбекистон Президенти лавозимини таъсис этди. Президентликнинг жорий этилиши илгариги советлар ҳукмрон бўлган давлат бошқарув шаклига барҳам бериб, амалда давлатимизнинг Президентлик республикаси шаклига ўтишини англатарди. Президентлик институтининг киритилиши давлат ҳокимияти ваколатларининг янгича тақсимланишини тақозо этар эди. Шу муносабат билан ижроия-бошқарув ҳокимиятининг тизими такомиллаштирилди. Хусусан, 1990 йил 1-ноябрда «Ўзбекистон ССРда ижроия ва бошқарув ҳокимиятининг тузилишини такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон ССР Конституцияси (Асосий қонуни) га ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида» қонун қабул қилинди. Мазкур қонунга мувофиқ Президентлик ҳокимияти билан Республика Министрлар Совети қўшилиб, Ўзбекистон Президенти ҳузуридаги Вазирлар Маҳкамасига айлантирилди. Ижроия ҳокимият Президент қўлида бирлаштирилди. У ҳам ҳукумат раҳбари, ҳам давлат бошлиғи сифатида майдонга чиқди. Навбатдаги Конституциявий-ислоҳий қадам вилоятлар, шаҳарлар ва туманлардаги давлат ҳокимиятининг вакиллик ҳамда ижроия идораларига раҳбарлик қилувчи ҳокимлар лавозимини таъсис этишдан иборат бўлди.

Ижтимоий-сиёсий тараққиётимизда ҳаётий эҳтиёж тарзида рўй бераётган реал ўзгаришлар, ўз навбатида, сиёсий ва ҳуқуқий тафаккурни шакллантириб борди. Конституция лойиҳаси устида бевосита ишлашни фаоллаштиришга вазият етилгач, Конституциявий комиссия 1991 йил 12 апрелда И.А.Каримов раислигида ўзининг биринчи мажлисига тўпланди. Конституция лойиҳасини яратиш билан боғлиқ барча ташкилий ва ижодий жараённи мувофиқлаштириб бориш учун Конституциявий комиссия аъзолари ҳамда етакчи мутахассислар ва олимлардан иборат 32 кишилик ишчи гуруҳи ташкил этилди. Унинг таркибига қонун чиқарувчи идора бир неча қўмиталарининг раислари, Вазирликлар, суд, прокуратура идораларининг раҳбарлари, Республика Президенти девони ва Олий Кенгаш идорасининг масъул ходимлари кирди. Шунингдек, Конституция лойиҳасини мўлжалланаётган бўлимларини тайёрлаш учун 6 та кичик гуруҳлар ташкил этилди. Кичик гуруҳлар таркибига 50 нафар илмий ходим ва мутахассис жалб қилинди. Бу кичик гуруҳлар қуйидагилардан иборат эди: 1) Конституциянинг муқаддимаси бўйича; 2) Ўзбекистоннинг конституциявий тузуми асослари бўлими бўйича; 3) фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинлик ва мажбуриятлари бўлими бўйича; 4) фуқаролик жамияти бўлими бўйича; 5) давлат тузилиши бўлими бўйича; 6) давлат ҳокимияти тизими ва якуний қоидалар бўйича.

Конституциявий комиссия раиси ишчи гурух олдига қуйидаги вазифаларни қўйди: конституциявий ривожланишнинг жаҳон тажрибасини ўрганиб чиқиш, бошқа мамлакатларнинг инсон ҳуқуқлари борасида, демократия ва қонунчилик соҳасида қўлга киритган ютуқларини ҳисобга олиш, кенг халқ оммаси дилига яқин ва тушунарли бўлган сиёсий юридик ҳужжат яратиш. Мазкур вазифалардан келиб чиқиб, АҚШ, Франция, Канада, Германия, Швеция, Япония, Италия, Греция, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Покистон, Миср, Венгрия, Болгария, Литва ва бошқа давлатларнинг конституциялари чуқур қиёсий ўрганилди.

Лойиҳанинг дастлабки варианти 1991 йилнинг ноябригача тайёрлаб бўлинди. У муқаддима, олти бўлимга тақсим қилинган 158 моддадан иборат эди. Ушбу лойиҳа юзага келаётган пайтда мамлакатимиз тарихида туб бурилиш юз берди. 1991 йил 31 августда Ўзбекистон Республикаси ўзининг давлат мустақиллиги тўғрисида Олий Кенгашнинг Баёнотини қабул қилди. Бу билан Республика парламенти мустақил Ўзбекистон Республикаси-суверен давлат қарор топганлигини бутун дунёга эълон этди. Қонунда халқ ҳокимиятчилиги, демократик давлатчилик, ҳокимиятлар тақсимланиши, мамлакатнинг ҳудудий бутунлиги каби муҳим принциплар Конституция лойиҳаси мазмунига ҳам сингдирилди. Шунга қарамасдан дастлаб лойиҳа ҳали мукаммаллик даражасидан анча йироқ бўлган. Унинг устида янада жиддийроқ ва талабчанлик билан ишлаш лозим бўлган. 1992 йил баҳорида лойиҳанинг 149 моддадан иборат иккинчи варианти ишлаб чиқилган. Республика Президенти, Конституциявий комиссия раиси матнни яна синчиклаб кўриб чиқди. Ҳар сафар давлат раҳбарининг нигоҳидан ўтгач, лойиҳа мукаммаллашиб, аниқ, лўнда ва ифодали бўла борди. Учинчи вариант 137 моддани ташкил этди. Лойиҳани кенг халқ оммаси муҳокамаси учун матбуотда эълон қилишдан олдин Конституциявий комиссия ва унинг раиси яна бир бор ўрганиб чиқди. Лойиҳа энди 127 моддага келтирилди.

Лойиҳанинг янгиланган варианти 1992 йил 21 ноябрда яна бир бор матбуотда эълон қилинди. Конституцияга ҳаммаси бўлиб, 80га яқин ўзгартириш қўшимча ва таклифлар киритилди. 1992 йил 8 декабрда Ўзбекистон Республикасининг биринчи Конституцияси қабул қилинди. Умуман олганда, Конституцияни тайёрлаш уни қабул қилиш бошқа оддий қонунларни қабул қилишдан фарқ қилади, чунки конституция давлатнинг асосий қонуни, ҳуқуқ тармоқларининг асосий манбаи бўлиб ҳисобланади. Шунинг учун у бошқа қонун ва норматив ҳужжатлардан ўзининг юридик кучи бўйича устун туради.

Рихсиева Инобат, 26-айрим фанлар чуқур ўрганиладиган

мактабнинг она тили фани ўқитувчиси

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.