Янгича фикрлайдиган авлодни камолга етказиш йўлида

Улашиш:

Президентимиз Ўзбекистон ёшлари биринчи форумида сўзлаган нутқида ёш авлоднинг ҳар томонлама етук ва баркамол бўлиб улғайиши учун олдимизда турган ўта муҳим вазифаларга яна бир бор жамиятимизнинг эътиборини қаратди.

Маълумки, ёшлар тарбияси ҳамма даврлар, ҳар қандай жамият учун ҳам энг усувор вазифалардан бири бўлиб келган.

Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига мос равишда такомиллаштириб борилмоқда. Хусусан, бугунгача мамлакатимиз парламенти томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.

«2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси»да ҳам ёшлар таълим-тарбияси масаласи алоҳида ўз аксини топди. Шу билан бир қаторда Юртбошимиз томонидан ижтимоий, маънавий-маърифий соҳалардаги саъй-ҳаракатларни тизимли асосда йўлга қўйиш бўйича 5 та муҳим ташаббуснинг илгари сурилиши Ўзбекистон тарихида ёшлар таълим-тарбияси бўйича яна бир янги босқични бошлаб берди.

Давлатимиз томонидан ёшлар тарбиясига жуда катта эътибор қаратилиб келинаётгани бежизга эмаслигини кўпчилик яхши тушунади албатта. Бугунги глобаллашув даврида халқимизнинг тарбия борасидаги миллий, диний қадриятларга асосланган азалий анъаналари ғарбдан кириб келаётган “оммавий маданият” таъсирида миллийлигимизга ёт ғоя ва қарашлар асл моҳиятини йўқотиб бораётгани барчамизни ташвишга солиши керак. Давлат раҳбарининг форумда сўзлаган нутқида таъкидланганидек, “Ҳозир бутун дунёда терроризм, экстремизм ва бошқа таҳдидлар Интернет маконига кириб, мослашиб олган. Шунинг учун уларга қарши курашиш осон кечмаяпти”.

Ҳозирги замон жаҳон цивилизациясининг ўзига хос энг муҳим хусусияти телевидение, компьютер технологияси, интернет тизимидан кириб келаётган шиддатли ахборотлар юки остида қолган айрим тоифадаги ёшларимизда миллий маънавият, умуминсоний қадриятларнинг ҳаётбахш тамойилларидан ибрат олишга бўлган иштиёқининг сусайишига олиб келиш хавфини туғдираяпти.

Интернетнинг жамият иқтисодий, сиёсий, ижтимоий ва маънавий ҳаёт соҳалари тараққиётидаги ўрни беқиёс. Унинг улкан қудратини тан олиш ёки олмаслик ҳақида гап бўлиши мумкин эмас. Интернет инсон тафаккури, ақли ва билим қудратининг маҳсули ва инъикосидир. Глобал тармоқ афзалликларини инкор этмаган ҳолда у орқали келаётган хавфдан ёшларимизни химоя қилишни огоҳ этиш ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб турибди.

Муайян кучларнинг глобал тармоқ жамоатчилик фикрини тўғри йўлдан чалғитиш, ўзлари тарғиб этаётган нопок ғоя ва манфаатлар томон йўналтириш учун уларга ахборот етказиш борасида олиб бораётган ҳаракатлари кучайиб бораётир. Сўзсиз, бундай таъсирга интернетдан фойдаланишни билсада ҳаётий тажрибаси йўқ, тафаккури, дунёқараши пухта шаклланиб улгурмаган ёшлар берилувчан бўлади.

Мамлакатимиз ёшлари ҳам дунёдаги тенгдошлари каби асосан янгиликларни ўқиш, курс ишлари ва рефератлар учун материаллар қидириш, дўстлар билан мулоқот қилиш, янги дўстлар орттириш ва ахборот олиш мақсадида интернетдан фойдаланадилар. Президентимиз нутқида айтиб ўтилгандек, “Афсуски, баъзи ёшларимизда Интернетдан тўғри фойдаланиш кўникма ва маданияти етарли эмас. Айрим йигит-қизлар Интернетни ахборот, билим ва маърифат манбаи деб эмас, балки шунчаки кўнгилочар восита деб билишади”.

Натижада оқни қорадан, яхшини ёмондан ажрата олиш кўникмасига эга бўлмаган ёшларимиз нопок кимсалар таъсирига тушиб қолаётганлиги ҳам айни ҳақиқат. Улар мақсадлари унчалик аниқ бўлмаган, бирон-бир касб ёки ҳунар, илмни ўрганиш мақсадидан йироқ тоифадаги ёшлардир. Бундай ёшлар нафакат жаҳонда балки мамлакатда бўлаётган ўзгаришларни аниқ идрок этмайдилар.

Бундай бўшлик уларнинг онгига миллий маънавиятимизга ёт ғояларнинг киришига замин яратади. Масалан, ҳозир бу бўшлиқни маънавий соҳада Шарққа қараганда бой бўлмаган Ғарб маданияти эгаллаётир. Натижада айрим ёшларимизнинг юриш-туриши, кийинишини кўриб наҳотки шу қиз ёки йигит бизнинг фарзандимиз, бизнинг тарбиямизни олиб ўсган бўлса деб ўйланиб қоласан киши. Бу борада кенг жамоатчилик, айниқса, оилада ота-онанинг назорати муҳимдир.

Ёшлар ўртасида бундай салбий ҳолатни олдини олиш учун фикримча қуйидаги ишларни амалга оширишимиз зарур.

Биринчидан, ёшларда интернет тармоғидан фойдаланиш маданиятини юксалтиришда, аввало, уларни оиладаги муҳитда, мактаб, олий ўқув юртлари ҳамда маҳалладаги ибратли ҳаёт сабоғига эга бўлган кишилар таъсирида сақлаш миллий тарбиявий тизимимизнинг асосини ташкил қилишимиз лозим.

Иккинчидан, ёшларда интернет ва уяли телефонлардан тўғри фойдаланиш кўникмасини шакллантиришда оила, таълим муассасалари, маҳаллий ҳокимият, вакиллик органлари, диний-маърифий идоралар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ташкилотларнинг мазкур масаладаги фаолиятларини ўзаро мувофиқлаштириб бориш зарур.

Учинчидан, ёшларни интернетдаги зарарли хуружлардан асраш, уларни ахборот технологияларидан унумли фойдаланишга ўргатиш масалалари бўйича илғор халқаро тажрибалар асосида барча ҳудудларда Рақамли технологиялар ўқув марказлари фаолиятини янада ривожлантириш ҳамда янги ташкил этиладиган компьютер ўйинлари марказлари ёш авлоднинг билим ва дунёқарашини кенгайтиришга қаратилган тест, викторина, ривожлантириш стратегиялари ва бошқа фойдали дастурлар билан таъминлашни кучайтириш лозим.

Бу вазифаларни амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Президенти раҳбарлигида 2019 йил 27 декабрь куни ёшлар билан ўтказилган учрашувда берилган топшириқларга мувофиқ ҳафтанинг бир куни “Ёшлар масалаларини ечиш куни” ва “Ёшлар билан ишлаш куни” этиб белгилаб олингани муҳим аҳамиятга эга бўлмоқда.

Ушбу йўналишда туман ва шаҳар ҳудудларида ёшлар муаммолари ва уларнинг бандлигини таъминлаш учун 732 маротаба “Сектор раҳбарлари ва ёшлар” учрашувлари ташкил этилиб, ушбу учрашувларда 55 мингга яқин ёшлар қамраб олинди.

Ташкил этилган учрашувлар давомида ёшлар томонидан келиб тушган 4 минг 316 та мурожаатдан 2 мингдан зиёди жойида ҳал этилган ва 310 таси назоратга олиниб, тегишли мутасадди корхона ва ташкилот раҳбарлари томонидан қонуний ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

2020 йилда 18-30 ёшдаги 28 минг 724 нафар ишсиз ёшлардан 24 мингдан зиёди ёки 83,8 фоизи бандлигини таъминлаш бўйича шаҳар ва туманлар кесимида “Манзилли режалар” ишлаб чиқилиб, халқ депутатлари вилоят кенгаши сессияларида тасдиқланди.

Шунга мувофиқ, жорий йилда 27 минг 234 нафар ёки белгиланган пронозга нисбатан 113 фоиз ёшлар бандлиги таъминланди.

Санъат ва маданият, адабиёт соҳасида ёшларимиз учун маданият марказлари, спортга қизиқувчи ёшлар учун кўплаб спорт объектлари қурилиб, фойдаланишга топширилди.

Жорий йил давомида вилоятда жами 890 та оммавий спорт тадбирлари ҳамда тизим ташкилотлари томонидан карантин даврида 52 та онлайн спорт мусобақалари ўтказилган бўлиб, тадбирларда жами 356 615 нафар иштирокчилар қатнашди.

Жорий йилнинг ноябрь ойида онлайн платформа орқали саралаб олинган 70 нафар ёшлар учун “Ёш дастурчилар” форуми Зомин оромгоҳида ташкил этилди. Форум доирасида энг самаралари лойиҳалар танлаб олиниб, амалиётга татбиқ этилмоқда.

Давлатимиз раҳбари томонидан ёшлар тарбиясида қўйилаётган яна бир вазифа уларда китобхонлик кўникмаларини шакллантириш борасида ҳам бирмунча ишлар қилинмоқда. Шу мақсадда жорий йил давомида 43 маротаба кўргазмали тадбирлар ва китоб ярмаркалари ташкил этилди.

Ўтказилган лойиҳа ва танловларда 107 679 дона жами  1 млрд. 250 миллион сўмлик китоблар тарқатилди.  Ёшларни китобхонликка бўлган қизиқишларини янада қўллаб-қувватлаш мақсадида 2021 йилнинг 1-чорагида танловлар ташкил этиб, энг фаол иштирок этган 30 нафар ёш ижодкорлар асарларини ёшлар жамғармаси маблағлари ҳисобидан нашрдан чиқариш белгиланган.

Вилоятда 2021 йил давомида ёшлар билан ишлашнинг янгича тизимини жорий этиш бўйича белгиланган вазифаларга мувофиқ бешта муҳим ташаббус бўйича онлайн платформасини ишга туширилиб, йўналишлар бўйича ёшларнинг ҳоҳиш ва истакларини доимий равишда аниқлаб бориш ва уларга етарлича шарт-шароитлар яратиб беришни ташкил этилади.

Бекорчилик маънавиятда бўшлиқни келтириб чиқарадиган омиллардан бири. Ёшлар бўш вақтларида фойдали машғулотлар билан шуғулланишларида спортнинг ўрни катта. Ёшларни оммавий спортга жалб қилишга қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида вилоятдаги келгуси йил 295 та маҳаллада “Street workout” - кўча спорти майдончаларини барпо этиш режалаштирилди.

Ёшларнинг жамоада бўлиш, жамиятнинг ичида улғайиши уларнинг баркамол, маънавий соғлом вояга етишларининг муҳим шарти. Соғлом олада, соғлом жамоада улғайган ёшлардан зарарли таъсирларга берилмайди.

Маълумки, ҳар қандай касалликнинг oлдини oлиш учун, аввалo, киши oрганизмида унга қарши иммунитeт ҳoсил қилинади. Биз ҳам фарзандларимизни oна Ватанга муҳаббат, бoй тариxимизга, oта-бoбoларимизнинг муқаддас динига садoқат руҳида тарбиялаш учун, таъбир жoиз бўлса, аввалo, уларнинг қалби ва oнгида мафкуравий иммунитeтни кучайтиришимиз зарур. Бунинг учун нафақат, педагоглар, ҳуқуқ-тартибот идоралари, ёшлар билан ишловчи ташкилотлар, балки кенг жамоатчилик ҳамкорликда иш олиб бориши, хусусан, тушунтириш ва тарғибот ишларини кучайтириш лозим. Айниқса, маҳаллаларда, ҳар бир оилада ижтимоий-маънавий муҳитни яхшилаш, ота-онанинг фарзанд тарбиясига, фарзандларининг бўш вақтларини мазмунли ташкил этишга бўлган эътибори ва масъулиятини ошириш лозим ўта долзарб бўлиб турибди.

Шунинг учун Юртбошимиз таъкидлаганидек, “Ёшлар тарбияси билан, уларнинг муаммоларини ечиш билан бугун шуғулланмасак, эртага кеч бўлади. Бу, аввало, ёш авлодимизга нисбатан хиёнат бўлади”.

Фурқат ЖЎРАҚУЛОВ,

Жиззах вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати бўйича ўринбосари

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.